170 нафар ўзбекистонлик зиёратчи Рамазон мавсуми умра амалини бажариш учун Саудия Арабистонига йўл олди

170 нафар ўзбекистонлик зиёратчи Рамазон мавсуми умра амалини бажариш учун Саудия Арабистонига йўл олди

10 июль куни ўзбекистонлик зиёратчиларнинг дастлабки 170 нафардан иборат гуруҳи Тошкент-Жидда йўналиши бўйича 3 та рейс билан Саудия Арабистонига умра амалларини бажариш учун учиб кетди.

Зиёратчиларни Саудия Арабистонида кутиб олиш, кузатиш ва уларга қулай шароитлар яратиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-869 сон Қарори асосида Жиддадаги Бош консуллик таркибида жорий этилган “Ҳаж” ва “Умра” масалалари бўйича атташе билан ҳамкорликда ташкил этилади.

Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитанинг Ахборот хизмати берган маълумотга кўра, сафарга чиқишдан олдин барча зиёратчилар марказлашган тиббий пунктларида менингит ва гриппга қарши эмланган. Саудия Арабистонида ҳаво ҳароратининг юқори даражада бўлишини инобатга олиб, шифокорлар гуруҳи томонидан зиёратчиларнинг саломатлигини сақлаш мақсадида эслатма-тавсиялар ишлаб чиқилиб, тегишли тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. 

Рамазон мавсумида ҳам зиёрат 10 кунни ташкил этади (Мадина шаҳрида 3 кун, Маккада эса 7 кун). Зиёратчиларга мавсум давомида ўзбекистонлик 2 нафар ишчи гуруҳ, 3 нафар шифокор ва 2 нафар ошпаз хизмат кўрсатади.

Ўзбекистонлик  зиёратчилар Мадина шаҳрида “Масжид ан-Набавий” билан ёнма-ён жойлашган “Мавадда Нур” меҳмонхонаси ҳамда Макка шаҳрида Ҳарамдан 900 метр узоқликдаги “Нама Мавадда” меҳмонхоналарида истиқомат қилади.

Зиёратчиларнинг саҳарлик ва ифторликлари учун меҳмонхоналарда ошхоналар, соғлиқларини доимий назорат қилиш мақсадида эса минишифохоналар ташкил этилган. Шунингдек, улар учун Саудиядаги меҳмонхоналарда сунъий йўлдош орқали Ўзбекистон телевидениеси дастурларини томоша қилиш, ватанимизда бўлаётган воқеалардан хабардор бўлиш имкониятлари ҳам яратилган.

Эслатиб ўтамиз, Баҳорги умра зиёратини жами 5904 нафар ўзбекистонлик фуқаро (Тошкент-Жидда-Тошкент йўналиши бўйича 31 та рейс) адо этиб қайтиб келганди. Уларни кузатиш ва кутиб олиш тадбирлари Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида амалга оширилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.