Москва метросидаги ҳалокат натижасида жабрланганлар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор

Москва метросидаги ҳалокат натижасида жабрланганлар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор

Москва метросида юз берган ҳалокат оқибатида жабрланганлар орасида Россиянинг 12 та ҳудудидан келган фуқаролар ҳамда бешта хорижий давлат фуқаролари бор. Бу ҳақда 15 июль куни РФ бош вазирининг ўринбосари Ольга Голодец маълум қилди, деб ёзади “РИА Новости”.

 «Россиянинг 12 та ҳудудидан келган ва жабрланган фуқаролар Москва касалхоналарига жойлаштирилди. Жабрланганлар орасида бошқа давлатлар фуқаролари ҳам бор. Булар Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Украина ва Молдова. Шубҳасиз, фуқаролигидан қатъи назар ҳаммага тиббий ёрдам кўрсатилади», – дея қайд этади Голодец.

Сўнгги маълумотларга кўра, сешанба 15 июль куни Москва метросида юз берган ҳалокат натижасида ҳалок бўлганлар сони 21 кишига етган, юздан ортиқ киши касалхоналарга ётқизилган.

Эслатиб ўтамиз, сешанба куни эрталаб тиғиз пайтда “Парк Победы” ва “Славянский бульвар” бекатлари орасидаги йўлда учта вагон рельсдан чиқиб кетган.

Фотосурат: © RBC

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.