“Тошкент-Рига-Нью-Йорк” рейсининг йўловчиси 500 қути сигаретани олиб ўтишга уринди

“Тошкент-Рига-Нью-Йорк” рейсининг йўловчиси 500 қути сигаретани олиб ўтишга уринди

2014 йилнинг ўтган 6 ойи давомида республика божхоначиларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда олиб борган чора-тадбирлари натижасида аниқланган 120 дан ортиқ қонунбузарлик ҳолатида қиймати 332 млн. сўмдан ортиқ салкам 120 минг қути тамаки маҳсулотларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.

Хусусан, «Тошкент-Рига-Нью-Йорк» рейси бўйича сафарга отланган самарандлик С.Н. “кашанда”лар тоифасидан бўлиб чиқди. Қаранг-ки, 2 турдаги 500 қути тамаки маҳсулотларини божхона баённомасида ва оғзаки сўровлар пайтида маълум қилиш унинг “ҳаёлидан кўтарилибди”, дея қайд этади Давлат божхона қўмитасининг матбуот хизмати.

Сеулга қайтиб кетаётган кореялик Ю.Ю эса республикадан “эсдалик” учун турли сувенирлар ёки амалий санъат буюмларини эмас, 500 қути тамаки маҳсулотларини божхона баённомасида ва оғзаки сўровлар пайтида маълум қилмасдан туриб, олиб кетишни маъқул кўрибди. Бундан эса ўзи панд еди, холос.
Сигареталарни нафақат ноқонуний равишда олиб чиқиш, балки олиб киришга уриниш ҳолатлари ҳам учрайди. Жумладан, “Москва-Тошкент” йўналиши бўйича кириб келган поезд вагонларини божхона кўригидан ўтказиш вақтида янгийўллик М.Ш. томонидан “Т-6” шаклидаги божхона декларациясида қайд этмасдан туриб, олиб ўтишга уринилган товар-моддий бойликлари орасида 3 турдаги 193 қути сигаретлар борлиги аниқланди.

Навбатдаги божхона қоидабузилиши ҳам шу йўналишдаги поезд вагонларидан бирида фош қилинди. Бу гал пойтахтлик И.Б. 3 турдаги 230 қути тамаки маҳсулотларини республика ҳудудига ноқонуний олиб киришга уринган экан.

Уфадан юртимизга кириб келаётган поезд вагонларини божхона назоратидан ўтказиш вақтида божхоначилар янгийўллик М.Ш.нинг қинғир қилмишларига нуқта қўйишди. Бу гал 18 млн. сўм қийматдаги товар-моддий боикларни божхона баённомасида қайд этмасдан олиб киришга уринган қоидабузарнинг юклари орасида 4 турдаги 420 қути тамаки маҳсулотлари ҳам борлиги аниқланди.

Эслатиб ўтамиз, 1996 йилнинг 1 октябридан бошлаб Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилаётган ва унинг ҳудудига олиб келинаётган тамаки маҳсулотларини белгиланган намунадаги акциз маркалари билан мажбурий маркалаш тартиби жорий этилган. Мазкур тартибларга риоя қилмасдан тамаки маҳсулотларини юртимизга олиб кириш, акциз маркаларини ёпиштирмаган ҳолда ташиш (халқаро транзитдан ташқари), сақлаш ва сотиш эса тақиқланади.
Жисмоний шахслар республикамизга акциз солиғини тўламасдан туриб, фақат 10 қутигача тамаки маҳсулотларини олиб кириши мумкин. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.