175 та мактабда физикани чуқур ўрганиш синфлари ташкил қилинади

2021–2023 йилларда 175 та мактабда физика фани чуқурлаштириб ўқитиладиган синфлар ташкил қилинади. Бу ҳақда “Физика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорида сўз боради, деб ёзади Адлия вазирлигининг Телеграм-канали.
 
Қарор билан 2021–2023 йилларда физика фанлари бўйича таълим сифатини ошириш ва физика соҳасидаги илмий тадқиқотларнинг натижадорлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури (Комплекс дастур) тасдиқланди. Физика фани бўйича кадрларни, хусусан, қишлоқ жойлардаги мактабларнинг ўқитувчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини ривожлантириш Комплекс дастурнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
 
2021–2022 йилларда босқичма-босқич республика ҳудудларида физика фанига ихтисослаштирилган жами 28 та таянч мактаби ташкил этилиб, уларга тегишли ОТМнинг кафедралари бириктирилади.
 
2021/2022 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим муассасаларида физика фани кенгроқ ўқитиладиган вариатив ўқув режаси жорий қилинади. Ихтисослаштирилган мактабларда физика фани таянч ўқув режада белгиланган ўқув соатлар доирасида ҳафтасига 3 соатдан ўқитилади
 
2021 йил 1 октябргача физика фани ўқитувчиларининг малакасини ошириш бўйича ўқув модуллари ишлаб чиқилади.
 
2022 йил 1 январгача Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги биттадан “Баркамол авлод” болалар мактабларида “STEM” физика клублари ташкил этилади, физика фанидан билимларни баҳолаш бўйича миллий сертификатлаш тизими жорий қилинади.
 
2022 йил 1 сентябрдан ихтисослаштирилган мактабларнинг физика фани бўйича миллий сертификатлаш тизимида максимал баллнинг 70 ва ундан юқори фоизини тўплаган физика фани ўқитувчиларига базавий тариф ставкасига нисбатан ҳар ойлик устама ҳақи 50 фоиз миқдорида тўланади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.