Сўнгги йилларда давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан Орол муаммосига катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада кўплаб қонун ва қарорлар қабул қилинмоқда. Бу муаммонинг фақат бир давлат ёки минтақа миқёсида эмаслиги ҳисобга олиниб, унга хорижий давлатларнинг ҳам эътиборини жалб қилиш бўйича амалий ишлар кучайтириляпти. Бунга мисол сифатида Президентимизнинг Бирлашган миллатлар ташкилоти 72-сессиясида сўзлаган нутқида Орол масаласининг ҳам кўтарилганини, яна бир бор бу долзарб масалага жаҳон жамоатчилигининг этибори қаратилганини келтиришимиз мумкин. Бундан ташқари Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб қайтган давлатимиз раҳбарининг мазкур давлат билан Орол муаммосини ҳал қилиш бўйича 2 млрд долларлик шартнома тузишга эришганини, Хитойда бўлиб ўтган “Бир белбоғ – бир йўл” 2-халқаро форумида ҳам яна бир бор бу масалага иштирокчи давлатларнинг, шу жумладан ХХР расмийларининг ҳам эътибори қаратилганини эътироф этсак арзийди.


Мана шу лойиҳада ХХР билан имзоланган Орол муаммосига оид келишувларнинг амалий самараси ўлароқ ЎзМУ биология факультетида бир гуруҳ Хитойлик олимлар ва талабалар билан икки давлатда мавжуд бўлган экологик муаммолар, хусусан, Орол муаммоси ва унинг ечимига бағишланган халқаро илмий-амалий семинар бўлиб ўтди. Давра суҳбатида орол муаммосини бартараф этишнинг илмий ечимлари, бунга иккала давлат биолог олимларининг эътиборини жалб қилиш ва ҳамкорликдаги ишларини йўлга қўйиш хусусида сўз борди. Хитой олий ўқув муассасаси раҳбарлари сўзга чиқиб, аниқ таклифлар ва уларнинг амалдаги ижроси бўйича фикр алмашдилар. Хитойлик олимлар мазкур муаммо юзасидан қўлларидан келган барча амалий ёрдамни беришга тайёрликларини билдирдилар. Давра суҳбати меҳмонларига миллий либосимиз – ўзбекча тўнлар кийдирилди ва эсдалик совғалар улашилди.
Бу учрашув орол муаммосига эътиборнинг Илмий муассасалар кўламига кўтарилаётганининг нишонаси бўлди. Чунки фақат аниқ илмий тадқиқотлар йўли билангина бу муаммога ечим топиш мумкин. Бу учрашувлар Орол муаммоси билан боғлиқ Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлигининг бир қисми, холос. Олдинда бизни бундан ҳам катта амалий лойиҳалар ва инновацион дастурлар кутиб турибди.



Хабарингиз бор, ЎзМУ биология факультетининг бир гуруҳ талабалари шу йилнинг март ойида ташаббус билан чиқиб, Мўйноқ туманида биология факультети ташкил этган ўқув-дала полигонида амалиёт ўтаб қайтган эди. Амалиёт жараёнида салкам 2 гектар ерда “Ёшлар боғи” ташкил этилиб, мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилган эди. Бугун шу кўчатларнинг барчаси кўкариб, ҳар бир қалбда умид дарахтига айланди.
 
Ойбек Ҳайдаров