Қашқадарё вилоятида террорчилик ташкилотининг аъзолари ҳукм қилинди

Қашқадарё вилоятида террорчилик ташкилотининг аъзолари ҳукм қилинди

Қашқадарё вилояти жиноят ишлари судининг қарори билан Отабек Очилов, Зафар Пўлатов, Бахтиёр Бозоров, Лолахон Қудратова, Нигора Эрназарова ва Азиза Муҳитдиновалар Ўзбекистон ислом ҳаракатига алоқадорлиги учун 9 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этилди, деб ёзади 12news нашри.

Айрим ОАВнинг маълумотларига кўра, ҳукм қилинганлар Ўзбекистон Жиноят кодексининг 155 (террорчилик), 159 (Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 244 (диний-экстремистик, айирмачилик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотларни ташкил этиш, уларни бошқариш, уларда иштирок этиш) моддалари бўйича айбланмоқда.

Тергов давомида ушбу фуқаролар Россия Федерацияси ҳудудига ишлашга жўнаб кетиб, 2010-2013 йилларда Покистон ҳудудида фаолият кўрсатувчи “Ўзбекистон ислом ҳаракати”нинг аъзоларига айлангани аниқланди.

Ушбу шахслар ўз юртдошлари орасида халқаро террорчилик ташкилотининг мақсадларини тарғиб қилган ва Ўзбекистондаги вазиятни беқарорлаштиришни, ҳалифаликни ўрнатиш йўли билан мавжуд конституциявий тузумни ўзгартиришни режалаштирган. Улар ушбу мақсадларда Россияда ишлаб топган пуллари ҳисобидан умумий “Байтулмол” ғазнасига  500 доллардан ажратган ва “Москва-Боку-Зохидон-Вана” поездига ўтириб, Покистондаги террорчилик гуруҳларига қўшилишни мўлжаллаган.  Суд ҳукмида кўрсатилишича, мазкур фуқаролар Ўзбекистондаги президентлик ва парламент тизимини ўзгартириш мақсадида Россиянинг номаълум ҳудудларида ўқотар қуролдан фойдаланишни ўрганган ва жиҳод тайёргарлигидан ўтган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.