Тошкент Тиббиёт академиясининг стоматология факультети алоҳида олий ўқув юртига айланади

Тошкент Тиббиёт академиясининг стоматология факультети алоҳида олий ўқув юртига айланади

Тошкент Тиббиёт академиясининг стоматология факультети алоҳида олий ўқув юрти сифатида ажралиб чиқади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига кўра, Институт филиаллари Андижон, Бухоро ва Самарқанд тиббиёт институтларининг стоматология факультетлари, Тошкент педиатрия институтининг Нукус филиали стоматология факультети базасида ташкил этилади.   

Институтнинг асосий мақсад ва вазифаларига қуйидагилар киради:

– замонавий талабларга мос келадиган ва ҳозирги замон стоматологиясининг илғор технологияларини эгаллаган стоматология соҳасининг юқори малакали тиббиёт кадрлари ва илмий мутахассисларини тайёрлаш;

– стоматология, юз-жағ жарроҳлиги соҳаси ва бошқа йўналишларда, жумладан, биотехнологиялар, ҳужайра ва регенератив тиббиёт соҳаларидаги илғор ютуқлардан фойдаланган ҳолда илмий-амалий тадқиқотлар ва ишланмаларни амалга ошириш;

– институт клиникалари ва унинг филиалларида аҳолига стоматология соҳасида юқори малакали даволаш-профилактика ёрдамини кўрсатган ҳолда стоматологик касалликлар диагностикаси, профилактикаси ва уларни даволашнинг илғор усулларини татбиқ этиш;

– республиканинг олий тиббиёт таълими тизимида стоматология соҳаси бўйича ўқув жараёнини ташкил этишда замонавий таълим технологиялари асосида ахборот ва мультимедиa ускуналаридан фойдаланган ҳолда илғор хорижий тажрибани жорий этиш;

– стоматология соҳасидаги тиббиёт мутахассислари ва ўқитувчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда малакасини оширишни ташкил этиш.

2014 йилда Тошкент тиббиёт академиясига ҳамда стоматология йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича республиканинг бошқа олий тиббиёт таълим муассасаларига ҳужжатларини топширган ва тест синовларидан муваффақиятли ўтган абитуриентлар Тошкент давлат стоматология институти ҳамда унинг филиалларининг тегишли йўналишлари ва мутахассисликларига қабул қилинади.

Тошкент давлат стоматология институти вақтинчалик Тошкент тиббиёт академиясининг Тошкент шаҳри, Тараққиёт кўчаси, 103-уйда жойлашган 3-сонли клиникаси ҳудудида жойлашади. 2015 йилдан институтнинг янги бинолари мажмуи, жумладан, ётоқхона, унинг филиаллари қурилиши бошлашланади.

Фотосурат: © Fikr.uz

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.