Сенат тинч атом ва аёллар ҳуқуқлари ҳақидаги қонунларни 23 августда кўриб чиқади

Шунингдек ялпи мажлисда Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи, ички ишлар ва ташқи ишлар вазирлари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг ахборотлари, Хоразм вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботи эшитилади

23 август куни Олий Мажлис Сенатининг биринчи пленар мажлиси бўлиб ўтади. Сенаторлар “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги, “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида”ги, “Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисида”ги қонунларни кўриб чиқади, – дея хабар беради Сенат матбуот хизмати.

Шунингдек, сенаторлар Халқаро меҳнат ташкилотининг саноат ва савдода меҳнат инспекцияси тўғрисидаги 81-сонли, қишлоқ хўжалигида меҳнат инспекцияси тўғрисидаги 129-сонли конвенцияларини ва бошқа халқаро ҳужжатларни ратификация қилиш билан боғлиқ Ўзбекистон Республикаси қонунларини ҳам муҳокама қиладилар.

Бундан ташқари, ялпи мажлисда “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастурининг 2019 йил иккинчи чорагидаги ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи, ички ишлар ва ташқи ишлар вазирлари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг ахборотлари, шунингдек Хоразм вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботи эшитилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.