2020 йилдан бошлаб дорихоналарда видеокамералар ўрнатиш мажбурий бўлади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 6 сентябрь куни “Дори воситалари ноқонуний айланишининг олдини олиш чораларини кучайтириш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Унга кўра 2020 йилдан бошлаб дори воситалари ва тиббиётда қўлланадиган буюмларни сотиш жараёнини мажбурий узлуксиз видеотасвирга олиш ва видеоёзувларни бир ой давомида сақлаш жорий этилади.

Ушбу талабнинг бузилиши лицензияни амал қилишдан тўхтатиш учун асос ҳисобланади.

2019 йил 1 декабрдан эса кучли таъсирга эга моддалар рўйхатига кирган дори воситаларини чакана сотиш ишлари фақат ижтимоий дорихоналар ҳамда тегишли лицензияга эга дорихоналар томонидан амалга оширилади.

Ушбу дориларни беришга рецептлар дорихоналарда бир йил давомида сақланади.

2021 йил 1 январга қадар бўлган муддат ичида Рецептларни электрон бериш тизими жорий этилади. Ушбу ахборот тизими 2021 йил 1 мартдан бошлаб Тошкент шаҳрида, 2022 йил 1 мартдан бошлаб эса республиканинг қолган барча ҳудудларида босқичма-босқич мажбурий амал қилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.