Кечки Анҳор: 9 сентябрь янгиликлари

Қозоғистоннинг Атирау шаҳрида ўзбекистонлик фуқароларнинг юк машиналари номаълум шахслар гуруҳи томонидан тошбўрон қилинди. Ўзбекистон транспорт вазирлигининг маълум қилишича, Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги бош консуллиги вазиятни назорат остига олган.
 
Тўрт  йиллик танаффусдан сўнг Ўзбекистон ва Украина авиапарвозларни тикламоқда. Шу йилнинг 5 октябридан бошлаб ҳар ҳафтада Тошкентдан Киевга чартер рейси амалга оширилади. Мамлакатлар ўртасида авиапарвозлар тиклангани ҳақидаги маълумот 2017 йилда ҳам пайдо бўлган эди.

Самарқанд шаҳрида қиймати 67,7 млрд сўмлик тоннел барпо этилади. Рудакий ва Бўстонсарой кўчалари чорраҳасида автомобиль транспорти ва трамвайлар учун тоннел қурилиши бошланди. Ушбу иншоот 2022 йилда ўтказиладиган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитига қуриб битказилади.
 
Дилбар Ғуломова Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари этиб тайинланди. 2000 йиллар бошида Ғуломова Ўзбекистон Аёллар қўмитасининг раиси лавозимида фаолият кўрсатганди.

Камдан-кам учрайдиган касалликлар диагностикаси ва даволаш ишларига 424,6 млрд сўм ажратилади. 2019-2020 йилларда кам учрайдиган ва бошқа наслий-генетик касалликларга эга болаларга тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатишни ташкил қилиш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. 2020 йил 1 январга қадар Беморларнинг миллий регистри яратилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.