«Буюк Келажак» экспертлари: биз мамлакат ривожига ўз ҳиссамизни ташкилотдан ташқарида қўшишга қарор қилдик

«Буюк келажак» ташкилотининг таъсисчиси Баҳром Исмоилов экспертларнинг ташкилотдан чиқишидан афсусда эканини билдирди...

Buyuk Kelajak кенгашининг ўн нафар эксперти мазкур кенгаш таркибидан чиқишини билдирди. Булар – Беҳзод Хошимов, Дилмурод Юсупов, Зайнаб Муҳаммад-Дўст, Каҳрамон Носиров, Нодир Нуритдинов, Бахром Ражабов, Тоштемир Хайдаров, Умид Абидхаджаев, Хасан Режабоев, Шукуржон Назаров.
 

«Buyuk Kelajak Халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти (ХННТ) ташкил этилаётгани ҳақида эълон қилинганида, биз бу ташаббусни қўллаб-қувватлашдан ва Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга ўз ҳиссамизни қўшишдан мамнун эдик. Ҳаммамиз турли лойиҳаларга, Ўзбекистонни 2035 йилгача ривожлантириш концепциясини, шу жумладан тегишли йўл харитасини шакллантириш ва ишлаб чиқиш ишларига фаол жалб этилдик. Биз ХННТнинг иккита форумида ва кўплаб профессионал тадбирлар ва учрашувларда шахсан ва онлайн қатнашдик. Афсуски, айрим ички ташкилий сабабларга кўра, энди мамлакат ривожига ҳиссамизни ташкилотдан ташқарида қўшишга қарор қилдик», — дейилади Facebook  тармоғида тарқалган хабарда.

«Буюк келажак» ташкилотининг таъсисчиси Баҳром Исмоилов экспертларнинг ташкилотдан чиқишидан афсусда эканини билдирди. «Шунга қарамасдан, уларнинг ҳар бирига қўшган улкан ҳиссаси, фаоллиги, ғайрат-шижоати ва ватанпарварлиги учун миннатдорчилик билдирамиз. Мақсадимиз битта: Ўзбекистонни ривожлантириш ва гуллаб-яшнатиш. Йўлларимиз турлича бўлиши мумкин. Биз ушбу профессионалларнинг ҳар бирини жуда қадрлаймиз, келгусида дўст ва ҳамфикр бўлиб қолишимизга ишончимиз комил», – қайд этади Исмоилов.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.