Қирғизистон ва Ўзбекистон ўзаро ер алмашди: Керкидан сув омбори тўлиқ Ўзбекистон ҳудудига ўтди
Ўш вилояти ҳукуматининг мухтор ваколатхонаси Ўзбекистон билан ер алмашинуви амалга оширилганини тасдиқлади. Бу ҳақда Kloop.kg хабар беради.
Ўзбекистонга Араван туманидаги Тоо-Моюн округида жойлашган ҳудуд берилди. Керкидан қишлоғи ёнидаги сув омбори атрофидаги ерлар Гулбаар қишлоғи ёнидаги участкага алмаштирилди. Чегаралар демаркацияси бир ҳафта ичида амалга оширилади.
Айтиш жоизки, Керкидан ва Гулбаар қишлоқлари ёнидаги ерлар бир хил майдонни, яъни 407 гектарни ташкил қилади. Ўш маъмурияти тарқатган хабарга кўра, ушбу алмашув Қирғизистон томонидан анчадан буён илгари суриб келинмоқда. “Ушбу алмашув Қирғизистон томонидан анчадан буён илгари сурилаётганди. Охирги музокаралар чоғида чегаралар делимитацияси ҳақида келишувга эришилди”, – дейди Ўш маъмурияти матбуот котиби Нурқиз Қадирбек қизи.
Энди сув омборининг бутун ҳудуди қирғоқ чизиғи билан бирга Ўзбекистонга тегишли бўлади. Керкидан қишлоғи аҳолиси сув омборидан чиқадиган дарёдан фойдаланиши мумкин.
Бунинг эвазига Қирғизистон Гулбаар қирғиз қишлоғига туташ бўлган Ўзбекистон ҳудудининг чўзинчоқ участкасини олди. У Араван туманига кириш жойида, Ўшга кетадиган йўл устида жойлашган. Авваллари Араван туманидан Ўшга олиб борадиган йўлнинг бир қисми Ўзбекистонга тегишли эди – энди у тўлиқ Қирғизистон ҳудуди бўйлаб ўтади.
Сал аввалроқ, 10 сентябрь куни Керкидан сув омбори ёнида маҳаллий аҳоли ва ўзбек чегарачилари ўртасида жанжал юз берганди. Ўзбек чегарачиларининг сув омбори ёнидан тўсиқ ўрнатаётгани Керкидан қишлоғи аҳолисининг ғазабини чиқарганди.
Шарҳлар