Кечки Анҳор: 13 сентябрь янгиликлари

“Тошкент-Андижон” поезди Ангренда 50 дақиқага ушлаб қолинди; Тошкент туманларига янги ҳокимлар тайинланди...

“Тошкент-Андижон” поезди Ангренда 50 дақиқага ушлаб қолинди. Соат 9:25 да электр таъминоти ўчди. Электр энергиясини узатишдаги носозликлар бартараф этилганидан кейин темир йўл линиясининг фаолияти тикланди.

Тошкент туманларига янги ҳокимлар тайинланди. Хусусан Сирғали туманига бундан олдин Яккасарой туманига ҳокимлик қилган Бахтиёр Шомуродов тайинланди. Яккасарой ҳокими лавозимига эса Анвар Сайфутдинов тайинланди.
 
Давлат активларини бошқариш агентлиги “Ўзбекистон” меҳмонхонаси нега харид қилинмаётгани сабабларини айтди. Давлат активларининг қиймати меҳмонхонанинг ҳозирги ҳолатига қараганда юқори, барча харажатларни қоплаш учун бир неча ўн йил кетиши мумкин. 50 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий инвесторлар билан музокаралар ўтказилди, бироқ бирортаям инвестор меҳмонхонани сотиб олиш бўйича конкрет таклиф айтмади.
 
ИИББ пиёдани уриб кетган ЙПХ ходимига нисбатан хизмат текширувини бошлади. Пиёда тирик қолган, унинг ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарлар ёлғон бўлиб чиқди.
 
Ўзбекистон Президентининг куёви автоблогерга шоуни тасвирга олиш ишлари учун учта – Mercedes AMG GT 4, BRABUS Maybach 900 и Bentley машиналарини таклиф қилган. Тасвирга олиш ишлари бугун Тошкентда бошланди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.