Кечки Анҳор: 16 сентябрь янгиликлари

Жангарилар томонидан Афғонистонда иккита электр узатиш линияси устунининг портлатилиши Ўзбекистондан энергия узатилишини қисқартирди.

Жангарилар томонидан Афғонистонда иккита электр узатиш линияси устунининг портлатилиши Ўзбекистондан энергия узатилишини қисқартирди. Энергия қанчага қисқаргани аниқ эмас. Портлаш 15 сентябрь куни Баглан шимолий провинциясида юз берган.
 
Ўзбекистон парасузувчилари Токиода бўлиб ўтадиган Паралимпиада-2020 га учта йўлланмани қўлга киритди. Булар Шоҳсанам Тошпўлатова, Ислом Асанов ва Фирдавс Мусабеков.

Прокуратурада рокировкалар амалга ошди. Сурхондарё вилояти прокурори лавозимини эгаллаган Улуғбек Қосимов Фарғона вилоятига прокурор этиб тайинланди. Ўз навбатида Садриддин Турдиев Сурхондарё вилоят прокуратурасига раҳбар бўлди. Бундан олдин у Фарғона вилоят прокурори лавозимида ишлаган эди.

Жиноий кодексга чекланган ақли расолик тушунчаси киритилди. 12 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев психиатрия ёрдамини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш муносабати билан қатор қонунлар ва кодексларга ўзгартириш киритиш ҳақидаги қонунни имзолади. Ақли норасоликдан фарқли ўлароқ, чекланган ақли расолик жиноий жавобгарликка тортилади.
 
Олий Мажлис ҳузурида ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши ташкил қилинди. Янги тузилма Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ҳолатини изчил яхшилаш ва унинг ОАВ эркинлиги индексларининг юқори даражасига эга етакчи мамлакатлар сирасига киришини таъминлаш бўйича таклифларни тайёрлайди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.