Кечки Анҳор: 23 сентябрь янгиликлари

Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг янги мураббийи этиб Вадим Абрамов тайинланди; Ўзбекистоннинг собиқ Бош прокурори ҳибсда сақланмоқда...

Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг янги мураббийи этиб Вадим Абрамов тайинланди. Унга Тимур Кападзе ёрдам беради. Абрамов турли даврларда Тошкентнинг “Трактор” ва “Локомотив” клубларига ҳамда Қозоғистоннинг “Астана” жамоасига мураббийлик қилган.

ОАВ: Ўзбекистоннинг собиқ Бош прокурори ҳибсда сақланмоқда. Бундан олдин Отабек Муродов уй қамоғида эди. Муродовнинг иши ДХХ собиқ раҳбари Ихтиёр Абдуллаев иши билан боғлиқ.
 
Санкт-Петербург-Наманган йўналиши бўйича парвоз қилаётган самолёт Самарада қўнишга мажбур бўлди. Бунга ўзбекистонлик йўловчи аёлнинг ўзини ёмон ҳис қилиши сабабчи бўлган. Айни дамда самолёт якуний нуқта сари парвоз қилмоқда.
 
“Чорсу” меҳмонхонаси 1 сўм бошланғич нарх билан савдоларга қўйилди. Бунда харидор меҳмонхонага икки йил ичида 25 млн доллар йўналтириши ҳамда 150 та янги иш ўрни яратиши керак.
 
Ҳокимликларда ер участкаларини олиб қўйиш билан ишлаш бўйича мутахассис пайдо бўлади. Олиб қўйилиши режалаштирилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларининг мулкдорлари билан очиқ муҳокамаларни ўтказиш ҳамда компенсацияларни тўлиқ ҳажмда ўз вақтида тақдим этилишини мониторинг қилиш ушбу мутахассиснинг вазифаларига киради.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.