Кечки Анҳор: 24 сентябрь янгиликлари

Бухоро вилоятида қиймати 1,8 млрд доллар бўлган шамол электр станцияси барпо этилади; Икки нафар Ўзбекистон фуқаросини “Ислом давлати”да қатнашиш учун Сурияга жўнатган Россия фуқароси 8 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

2020 йил 1 мартдан бошлаб автомобилга ёнилғи қуйиш шохобчаларининг ҳаммасида туну-кун ишлайдиган ҳожатхоналар бўлади. Шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан 2020 йилнинг 1 сентябрига қадар овқатланиш ва савдо нуқталарини, бепул Wi-Fi тармоғини ташкил қилиш тавсия этилган.
 
Бухоро вилоятида қиймати 1,8 млрд доллар бўлган шамол электр станцияси барпо этилади. Лойиҳа уч босқичда амалга оширилади, биринчи босқичда қуввати 200 МВт бўлган электр станциясини қуриш учун 240 млн доллар миқдорида тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини жалб этиш мўлжалланган. Лойиҳа Хитойнинг Lioaning Leader корпорацияси билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Икки нафар Ўзбекистон фуқаросини “Ислом давлати”да қатнашиш учун Сурияга жўнатган Россия фуқароси 8 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди. 2015 йил декабрь ойида судланувчи Қирғизистон фуқароси Жанубий Сахалинскда бўла туриб, 21 ва 27 ёшли Ўзбекистон фуқароларига 100 минг рубль тақдим этган эди.
 
Қорақалпоғистонда иккита браконьер Қизил китобга киритилган 13 та жайронни отиб ўлдирган. Айни пайтда материалларни прокуратура органларига тақдим этиш учун ноқонуний ов ҳақидаги ҳужжатларни йиғиш ва тайёрлаш ишлари амалга оширилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.