Тошкент шаҳар прокуратураси Kun.uz ходимларига таҳдид қилган ҳоким ўринбосарига нисбатан жиноий иш қўзғашни рад этди
Олмазор туман ҳокимининг ўринбосари Абдурасул Ваҳобов шу йилнинг 14 август куни Kun.uz таҳририяти ходимларига таҳдид қилганди.
Эртаси куни тармоқда Ваҳобовнинг Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматига берган интервьюси пайдо бўлди. Унда амалдор Kun.uz мухбири Раҳматилла Исроиловни ер участкасини ажратиш учун йирик миқдорда пора беришга уринишда айблади.
Мухбир Исроилов ҳоким ўринбосари томонидан қилинган туҳмат бўйича Бош прокуратурага шикоят юборди.
Кейинроқ ушбу масала юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси терговгача текшириш ишларини олиб бораётгани маълум бўлди.
11 сентябрь куни терговгача текшириш ишлари якунланди. Унинг натижалари бўйича Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-қисмига мувофиқ Абдурасул Ваҳобовга нисбатан жиноий иш қўзғашни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Шунингдек қарорда Олмазор туман ҳокимлиги томонидан ўтказилган хизмат тергови натижалари бўйича Абдурасул Ваҳобовнинг ҳаракатлари “профессионал этика талаблари ва лавозимий вазифаларга тўлиқ мувофиқ келади” деб тан олиниши кўрсатилган.
Шарҳлар