Кечки Анҳор: 25 сентябрь янгиликлари

Шавкат Мирзиёев қўшилган қиймат солиғини 15% га камайтириш тўғрисидаги фармонни имзолади; Фаолият кўрсатмаётган ва рентабеллиги паст 250 та давлат унитар корхонаси тугатилади.

Шавкат Мирзиёев қўшилган қиймат солиғини 15% га камайтириш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ўзгаришлар 1 октябрдан кучга киради, ҳозир эса ҚҚС 20% ни ташкил қилмоқда.

Фаолият кўрсатмаётган ва рентабеллиги паст 250 та давлат унитар корхонаси тугатилади. Уларнинг барчаси асосан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг балансида ҳисобда турибди.  

Шавкат Мирзиёев БМТнинг махсус маърузачиси билан инсон ҳуқуқларини муҳокама қилди. БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича маърузачиси Диего Гарсия-Саян Тошкентга расмий ташриф буюрган.

Осиёда ўзаро алоқалар ва ишонч чоралари бўйича йиғилишда ёшларнинг радикаллашиш масалалари муҳокама қилинади. Йиғилиш 2020 йилда Тошкентда ўтказилади.
 
Шавкат Мирзиёев Озарбайжонга ташриф буюради. Ўзбекистон Президенти 14-15 октябрь кунлари Бокуда бўлиб ўтадиган Туркийлар кенгаши саммитида қатнашади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.