Болалар заҳарланган боғча вақтинчалик ёпилди

Бекобод шаҳридаги 15-болалар боғчасининг фаолияти вақтинчалик тўхтатилди. Айни пайтда боғчада дезинфекция тадбирлари билан билан бирга катта тозалаш ишлари ўтказилмоқда, дея хабар беради Мактабгача таълим вазирлиги. Бундан олдин ушбу болалар муассасасида 15 нафар бола заҳарлангани ҳақида хабар берилганди. МТВнинг маълумотларига кўра, сўз 19 нафар бола ҳақида бормоқда.

«Оғир ҳолатлар қайд этилмаган, 3 нафар боланинг аҳволи ўртача оғирликда, 15 нафариники қониқарли, 1 та бола касалхонадан чиқди. Болаларнинг ҳаммасида даволаш муолажаларидан кейин соғлиғининг ижобий динамикаси кузатилмоқда», – дейилади вазирлик хабарида.

Шу ўринда Бекободга Мактабгача таълим вазирлиги ва Соғлиқ сақлаш вазирлиги мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ юборилганини айтиш жоиз.
Болалар боғчасида сув таъминотида тез-тез узилишлар бўлгани, “Аристон” сув иситиш тизими носоз ҳолат эканлиги, гуруҳларда болалар учун ичимлик суви йўқлиги аниқланди. Дезинфекциялаш ва ювиш воситалари борлигига қарамасдан, ходимлар улардан фойдаланмаслиги, гуруҳларда сирланган идишлар етишмаслиги маълум бўлди.

«Боғча фаолиятини ўрганиш ва эпидемиологик тергов ишлари якунлари бўйича маъмурий жазо чоралари кўрилади, муассаса раҳбари, ҳамширалар ва овқатланиш блокининг масъул ходимлари ишдан бўшатилиши мумкин», – дея қайд этилади вазирлик хабарида.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.