Кечки Анҳор: 3 октябрь янгиликлари
Халқ таълими вазирлигида Фарғонадаги 24-сонли мактабда парталар йўқлиги ҳақидаги маълумотлар рад этилди. Вазирлик маълумотларига кўра, парталар “бор-йўғи 20 дақиқа”, улар янгиларига алмаштирилаётган пайтда йўқ бўлган. Мактаб директорининг айтишича, бу 2 октябрь куни юз берган.
Тошкентда тиббий ходимни дўппослаш факти бўйича жиноий иш қўзғатилди. Тез ёрдам шифокори Жаҳонгир Хожиев бемор аёлнинг маст ҳолатда бўлган акаси туфайли жабрланган. Тиббий ходим 29 сентябрь куни 7-клиник касалхонага ётқизилган.
“Тошкент-Термиз” трассасида юк машинаси ёниб кетди. Ёнғинда 27 ёшли машина ҳайдовчиси ва унинг икки нафар йўловчиси жабрланган. Улар куйиш жароҳати билан касалхонага етказилган. Ёнғин сабаби аниқланмоқда.
НАТО Парламент ассамблеяси 2020 йилда Ўзбекистонга ташриф буюришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Шимолий Атлантика альянси ҳузуридаги доимий вакили Дилёр Ҳакимов ушбу ташкилот бош котиби Дэвид Хоббс билан Брюсселдаги учрашувидан кейин маълум бўлди.
Тошкентдаги Mont Blanc хусусий клиникасида ўтказилган операциялардан кейин икки нафар бемор аёл ҳаётдан кўз юмган. Шайхонтоҳур туман прокуратураси терговгача текширув ишларини олиб бормоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Mont Blanc клиникасида жарроҳлик фаолиятига доир хизмат текширувини тайинлади.
Шарҳлар