«Адолат» партияси пресс-нонушта ўтказди
4 октябрь куни журналистлар ва блогерларнинг “Адолат” Социал-демократик партияси етакчилари билан норасмий учрашуви бўлиб ўтди.
“Адолат” Ўзбекистон Социал-демократик партияси («Адолат» ЎСДП) 1995 йил 18 февралда ташкил қилинган. 2019 йил 1 сентябрга келиб унинг сафларида 399 599 нафар аъзо мавжуд бўлиб, улар 6 300 дан ортиқ бирламчи партия ташкилотларига бирлашган.
Партиянинг асосий мақсади ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига эга адолатли фуқаролик жамиятини ва ҳуқуқий демократик давлатни шакллантиришдан иборат. Шу боис “Адолат” партиясининг қонунчилик ташаббуслари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлашга, коррупцияга қарши курашишга, ҳаммада олий таълим олиш имконияти мавжуд бўлишини, бепул сифатли тиббий хизмат тақдим этилишини таъминлашга, солиққа тортиш тизимини ислоҳ қилишга, суд-ҳуқуқ тизимини яхшилашга йўналтирилган.
“2014 йили “Адолат” партияси “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини қабул қилиш ташаббусчиларидан бири бўлди. Ушбу қонун давлат органлари фаолиятининг шаффофлигини, фуқаролар ва, айниқса, ҳукумат, жамият ва давлат тузилиши тизимидаги камчиликларни ёритувчи журналистлар билан фаолроқ тескари алоқаларни кўзда тутади”, – деди “Адолат” партиясининг раиси Нариман Умаров, журналистлар билан учрашувни очар экан.
Фотосуратда: Нариман Умаров
“Адолат” партиясининг устувор вазифалари орасида “Аҳолининг репродуктив саломатлиги тўғрисида”, “Одам органлари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида”, “Илм-фан тўғрисида”, “Инновацион фаолият тўғрисида”ги қонунларни қабул қилиш каби ишлар бор.
Партиянинг барча қонунчилик ташаббуслари сайловчиларнинг реал эҳтиёжларидан келиб чиқади. Хусусан, партия пенсияларни расмийлаштиришда хусусий компанияларнинг архив ёзувларини олиш қийинлиги ҳақида фуқаролар томонидан билдирилган кўп сонли шикоятлардан келиб чиққан ҳолда “Архив иши тўғрисида”ги қонунга ўзгаришлар киритиш ташаббуси билан чиқди. “Аҳолининг репродуктив саломатлиги тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш эса аҳолининг ва оиланинг бепуштлик муносабати билан юзага келадиган реал эҳтиёжларидан келиб чиқади. Шундай қилиб, “Адолат” партиясининг депутатлари ўз фаолиятида сайловчиларнинг манфаатларига таянади.
2019 йилнинг биринчи ярим йиллигида “Адолат” партияси сайловчилардан 1 800 дан ортиқ мурожаатлар олди. Уларнинг 1331 таси ўз жойида ҳал қилинди, 543 таси эса ҳал қилиш учун маҳаллий органлар ва давлат ташкилотларига йўналтирилди.
Партиянинг асосий вазифалари:
– ижтимоий адолат ғояларини қонунчиликка жорий этиш ва таъминлаш;
– вакиллик ҳокимияти органларининг (парламент ва маҳаллий кенгашлар) ҳуқуқлари ва ваколатларини кенгайтириш;
– бевосита таъсир қилувчи қонунлар қабул қилинишини ва қонунларнинг ҳаётийлигини таъминлаш;
– аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш, соғлиқни сақлаш соҳасига “ақлли ва инновацион технологиялар” жорий этилиши устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш;
– сифатсиз ва қалбаки дорилар айланмасининг олдини олиш, дори воситаларининг сифатини таъминлаш учун қонунчилик механизмларини жорий этиш;
– олий ўқув юртларида “квотасиз” таълим олиш тизимини жорий этиш ва аста-секин таълим муассасаларини ўзини-ўзи молиялаштириш тизимига ўтказиш;
– жамиятдаги коррпуцион омилларни йўқ қилиш ва аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш;
– ҳокимият органлари, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисоб беришини таъминлаш;
– фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада ривожлантириш;
– судларнинг холис, адолатли ва очиқ бўлишини таъминлаш, суд ҳимояси соҳасини кенгайтириш, судлар фаолиятида ошкоралик ва очиқлик тамойилларини, суд жараёни томонларининг тортишувчанлиги ва ҳуқуқларининг тенглигини кучайтириш;
– иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани инновацион ривожлантириш, инновацион фаолиятнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш.
– фуқаролик жамияти институтлари ва демократияни мустаҳкамлаш.
Учрашувда партия Сиёсий кенгашининг раиси Нариман Маджитович Умаров, мафкура ишлари бўйича раис ўринбосари Абдукамол Шодиевич Раҳмонов, ташкилий-партия ишлари бўйича раис ўринбосари Фарход Парманович Ишанкулов, аёллар ва ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш бўйича бўлим бошлиғи Гулрух Анваровна Агзамова, партиянинг мафкура ишлари бўлими бошлиғи Фазлитдин Темирович Зияев иштирок этди.
Шарҳлар