Равшан Эрматов «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланди

Равшан Эрматов «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланди

Ўзбекистонлик ФИФА рефериси Равшан Эрматов Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов фармонига мувофиқ «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланди.

Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати берган хабарга кўра, 25 июль куни Тошкентдаги Олимпия шон-шуҳрати музейида 2014 йилги жаҳон чемпионати баҳсларида ҳакамлик қилган ФИФА рефериси Равшан Эрматов ва ФИФА рефериси ассистенти Абдуҳамидилло Расуловларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтган.
Тақдирлаш маросимида Равшан Эрматовга Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов фармонига мувофиқ «Эл-юрт ҳурмати» ордени берилди. Орденни Ўзбекистон Республикаси Бош Вазири Шавкат Мирзиёев топширди.

Қайд этиш жоиз, «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан «Ўзбекистон мустақиллигини, унинг иқтисодий қудратини мустаҳкамлашга, миллий маънавиятни, маданиятни юксалтиришга катта ҳисса қўшган, ўз меҳнати, илмий, жамоат иши, меҳнатсеварлиги ва ватанпарварлиги билан жамоатчиликнинг иззат-ҳурматига сазовор бўлган Ўзбекистон фуқаролари мукофотланади».

Маросим давомида Равшан Эрматов ва Абдуҳамидулло Расуловга Президент совғалари – мос равишда “Malibu” ва “Orlando” автомобиллари ҳам совға қилинди.

Шунингдек Равшан Эрматовга Ўзбекистон Футбол Федерацияси томонидан «Ўзбекистон Футбол Федерацияси» фахрий эсдалик нишони топширилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.