Кадастр амалдорлари лимитдан ташқари 14 та хизмат автомашинасини сақлаб келгани аниқланди

Кадастр амалдорлари лимитдан ташқари 14 та хизмат автомашинасини сақлаб келгани аниқланди

2014 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Молия вазирлиги томонидан республика ва маҳаллий бюджетдан молиялаштириладиган 143 ташкилотда текширув ўтказди. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамда унга қарашли ташкилотларда ўтказилган назорат тадбирлари чоғида “Марказий аэрогеодезия” ва “Самарқанд аэрогеодезия” давлат унитар корхоналари томонидан бажарилган ишлар қийматини шакллантиришда дала ишлари учун қўшимча маблағлар асоссиз қўлланиши натижасида 170,5 миллион ва 106,8 миллион сўм ортиқча ҳисоблангани ҳамда тўлангани аниқланди. 

Қўмитанинг ҳудудий бошқармаларида ўтказилган назорат тадбирлари давомида бюджет интизоми ва амалдаги қонунчиликка риоя этмаслик ҳолатлари ҳам аниқланди. 

Масалан, қўмита ва унинг ҳудудий бошқармаларида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 26 майда қабул қилинган 153-сонли қарорида белгиланган талаблар бузилган ҳолда, лимитдан ташқари умумий қиймати 110,4 миллион сўмлик 14 хизмат автомашинаси сақланмоқда. Амалдаги нормаларга мувофиқ ушбу автомашиналар кимошди савдолари орқали сотилиши, тушган маблағнинг 50 фоизи бюджет даромадига ўтказилиши лозим. 

Бундан ташқари, қўмитанинг Бухоро вилоятидаги бўлинмалари фаолиятини ўрганишда Вобкент, Пешку ва Когон туманларида томорқа участкаларини инвентаризация қилиш бўйича қиймати 200 миллион сўмлик ишлар сифатсиз бажарилгани ва қўмита ушбу камчиликларга йўл қўйган айбдор муассасаларга нисбатан 40 миллион сўм миқдорида жарима санкцияларини қўллагани аниқланди.

Текширув натижаларига асосан йўл қўйилган камчилик ва нуқсонлар бартараф қилинди, инвентаризация бўйича ўзгартирилган маълумотлар туман солиқ органларига тақдим этилди. 

Қўмитанинг ҳудудий бўлинмалари юридик ва жисмоний шахсларга қишлоқ ва ўрмон хўжалигини юритиш билан боғлиқ бўлмаган мақсадлар учун ер ажратишда зарар кўрилган 7404,0 миллион сўм миқдоридаги маблағни ундириш бўйича тегишли чоралар кўрмаган, ўз вақтида амалга оширилмаган тўловлар учун 1283,1 миллион сўм миқдоридаги пеня ҳисобланмаган. 

2012-2013 йилларда қўмитанинг таркибий бўлинмалари томонидан жисмоний шахсларга кадастр маълумотномаларини беришда тариф ошириб кўрсатилган ва бунинг оқибатида қиймати 1581,1 миллион сўм асоссиз даромад олинган. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.