Росатом раҳбари: АЭС қурилиши бўйича музокаралар икки босқичдан иборат бўлади

Росатом раҳбари: АЭС қурилиши бўйича музокаралар икки босқичдан иборат бўлади

Росатом раҳбари Алексей Лихачёв Ўзбекистонда АЭС қурилиши учун барча ечимлар 2019 йил якунигача топилишига умид қилмоқда. Бу ҳақда ТАСС хабар беради.

«Баъзи бир ҳужжатлар аниқ шу йил охиригача имзоланади, – деди у журналистларга. – Музокаралар оддий эмас, чунки нархни белгилаш керак. Улар аниқ икки босқичдан иборат бўлади. Лойиҳалаштириш босқичи бор, у кейинги шартнома параметрларини белгилайди», – изоҳ берди Лихачёв.

«Биз иккита номаълумли тенгламани ҳал қилишимиз керак бўлади, кейин ушбу лойиҳани бажариш ҳақида келишиб оламиз. Йил охиригача барча ечимларни топишимизга ишончим комил, бир, икки ёки учта шартнома билан ҳаммаси бажарилади – бу энди алоҳида масала”, – хулоса қилди у.

2018 йил сентябрида РФ ва Ўзбекистон ҳукуматларининг раҳбарлари Дмитрий Медведев ва Абдулла Арипов республика ҳудудида АЭС қурилиши бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни имзолаганди. Унга кўра ВВЭР-1200 реактор қурилмаларига эга “3+” авлодига мансуб иккита энергоблокдан ташкил топган мажмуани барпо этиш режалаштирилмоқда.

Шу йилнинг 17 май куни Ўзатом ва Росатом ташкилотлари Тошкентда атом электр станцияси қуриладиган майдонда муҳандислик ишларини олиб борди. Станция қурилишини Россия ҳукумати кредитини жалб этган ҳолда 2022 йилда бошлаш режалаштирилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.