Омбудсман мониторинг гуруҳи Нафосат Оллашукурова билан учрашди

Омбудсман мониторинг гуруҳи Нафосат Оллашукурова билан учрашди

Омбудсман томонидан шакллантирилган мониторинг гуруҳи 21 октябрь куни Нафосат Оллашукурова билан учрашди. У 26 сентябрь куни суд қарорига мувофиқ Хоразм вилоят рухий касалликлар диспансерига мажбурий даволанишга ётқизилган эди. Учрашувда Нафосат Оллашукурованинг туғишган акаси ҳам қатнашган.
 
Мониторинг гуруҳи таркибида Омбудсман вакилларидан ташқари Ўзбекистон аёллар қўмитасининг вакиллари, “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамиятининг раҳбари А.Ташанов ва “Нажот” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Х.Якубов ҳамда психиатрия соҳасининг етакчи экспертлари ҳам қатнашди.
 

«Мониторинг гуруҳи Н.Оллашукурова нисбатан барқарор руҳий ҳолатда эканига ва суҳбатлашишга қодирлигига ишонч ҳосил қилишди. Суҳбат чоғида Оллашукурова тиббий муассаса ходимлари унга нисбатан яхши муносабатда бўлганини ва унга нисбатан бирор-бир руҳий ёки жисмоний босим ўтказилмаганини қайд қилди. Н.Оллашукурова уни маъмурий жавобгарликка тортиш учун асос бўлган ўз ҳаракатларидан афсусланди», – дея қайд этилади омбудсман хабарида.

Учрашув чоғида мутахасислар беморнинг ҳолати нисбатан яхшиланганини қайд қилишди. “Шу билан бирга, депрессия аломатлари сақланиб турибди, шу боис белгиланган даволаш курсида давом этиш керак. Шифокорлар одамнинг рухий фаолиятини бостирувчи кучли таъсирга эга препаратларни тайинламаган”, – дейилади хабарда.

Бундан олдин Н.Оллашукурова Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183, 194, 195 ва 202 моддалари бўйича 10 суткага ҳибсга олинганди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.