Тадбиркорларга кўп қаватли тураржой қуришга топшириқ берилди

Тадбиркорларга кўп қаватли тураржой қуришга топшириқ берилди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 28 октябрь куни аҳолини уй-жой билан таъминлаш ва ипотека бозорини ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Янги тизим кўп қаватли уй-жойларни қуриш ишлари тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга оширилишини кўзда тутади. Давлат томонидан ер, банклар томонидан эса ипотека кредитлари учун маблағлар ажратилади.

«Ҳисоб-китобларга кўра, аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжларини тўлиқ қондириш учун ҳар йили 145 мингта хонадон қуриш зарур. Бунга қарийб 30 триллион сўм талаб қилинади, бу давлат бюджетининг 23 фоиздан кўпини ташкил қилади», – дейилади Президент матбуот хизматининг хабарида. 

Масъул шахсларга кам таъминланган оилаларни танлаш, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг туман, шаҳар бўлимларида доимий ишчи комиссияларни шакллантиришнинг шаффоф мезонларини ишлаб чиқиш топширилди. Комиссиялар таркибига банк, молия, солиқ, маҳалла ва бошқа идораларнинг вакиллари кириши керак, уйларни ажратиш масаласи кенг жамоатчилик орасида муҳокама қилинганидан кейин ҳал этилиши лозим, дейилади хабарда.
 
Шунингдек уй-жой нархларининг ўсишига йўл қўймаслик ва унинг ҳамёнбоплигини таъминлаш бўйича чоралар кўрилади. Хусусан, 2020 йилдан бошлаб 16 мингта оилага бюджетдан бошланғич бадални киритиш ва кредитлар бўйича фоизларни тўлашга субсидиялар ажратилади. Субсидиялар орқали қарз олувчилар бошланғич бадалнинг 10 фоизи ҳамда Тошкент шаҳрида 12 фоиздан ва қолган шаҳарларда 10 фоиздан ошадиган қисмида кредитлар бўйича фоизлар қоплаб берилади. Ушбу янги тизим тажриба сифатида Андижон, Наманган, Фарғона, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида жорий этилади. Қолган ҳудудларда амалдаги тизим қолади, у янгиси билан рақобат қилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.