Кечки Анҳор: 5 ноябрь янгиликлари

Кечки Анҳор: 5 ноябрь янгиликлари

ОАВ: Тожикистон Ўзбекистонга олтин кони билан бирга 300 гектар ерни бермоқда. Сўғд вилоятининг ер қўмитаси раҳбари Жамшед Умарзода “Фараж” нашрининг мухбири билан телефон суҳбатида “ҳозир ушбу масала кўриб чиқилиш босқичида эканини ва фақат Тожикистон ҳукуматигина бу мавзуни шарҳлаши мумкинлигини” маълум қилди.
 
Швецияда теракт тайёрлашда гумон қилинган Ўзбекистон фуқароси озодликка чиқарилди, уни депортация қилишмоқчи. Бундан олдин суд 46 ёшли гумондорнинг “Ислом давлати” террорчилик ташкилоти билан алоқаларини ҳамда у кимёвий моддалар харид қилганини исботланган деб тан олиб, унинг терактни тайёрлашда айбдорлиги тўғрисида қарор чиқарган ва уни етти йил қамоқ жазосига ҳукм қилган эди. Бироқ июнь ойида апелляция суди биринчи инстанция судининг қарорини тасдиқламади ва Ўзбекистон фуқаросидан терактни тайёрлаш ҳақидаги айбловни олиб ташлади. Бироқ у барибир террорчиликни молиялаштиришда айбдор деб тан олинди. Яна беш нафар Ўзбекистон фуқароси мазкур иш бўйича ўтмоқда.
 
Туркиядаги фабрикада жароҳатлар олган Ўзбекистон фуқароси ҳаётдан кўз юмди. ОАВ маълумотларига кўра, воқеа силлиқлаш дастгоҳи портлаши натижасида юз берган. Авария ва Ўзбекистон фуқаросининг иш жойидаги хавфсизлик чораларига амал қилинмаганлик факти бўйича тергов ишлари давом этмоқда.
 
Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат фонди аҳолининг ижтимоий заиф қатламларининг лойиҳаларини қўллаб-қувватлайди. Уларнинг орасида одам савдоси қурбонлари, меҳнат миграциясидан қайтган шахслар, 14 ёшгача фарзандлари ва ногирон фарзандлари бўлган ёлғиз ота-оналар ҳамда кўп фарзандли ота-оналар бор.  

Октябрь ойида “Ўзэнергоназорат” ташкилоти электр энергиясидан 1,7 млрд сўмлик ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлади. 123 нафар истеъмолчи қонунбузарлик қилган. Етказилган зарар бўйича истеъмолчилар учун ҳисобга олинмаган электр энергиясининг қайта ҳисоби қилинди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.