Марказий банк фуқароларнинг карталаридаги маблағлар блокировкаси билан боғлиқ вазиятга изоҳ берди

Марказий банк фуқароларнинг карталаридаги маблағлар блокировкаси билан боғлиқ вазиятга изоҳ берди

Октябрь ойининг охиридан бошлаб, тармоқда банклар карталар эгаларини хабардор қилмасдан карталарни ва уларнинг ҳисобини блокировка қилаётгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўла бошлади.

«Тижорат банклари томонидан фуқароларни банк карталари ҳисобрақами бўйича ҳисобни ҳибсга олгани ёки блокировка қилгани ёхуд шу ҳисобрақам бўйича амалиётлар тўхтатилгани ҳақида хабардор қилиш ҳолатларининг йўқлиги мижозларга депозит хизматларини кўрсатишда виждонсиз амалиёт элементлари ҳисобланади», – дея қайд этишмоқда МБда.
 
МБ ҳар бир омонатчи депозит хизматларини тақдим этиш шартларидаги ўзгаришлар ҳақида банк унга ўз вақтида маълум қилишига умид қилишга ҳақли, деган позицияга амал қилади.

«Шу йилнинг 26 октябрь куни Марказий банк Бошқаруви томонидан қонунчиликка тузатишлар тасдиқланди, уларга кўра банк томонидан банк ҳисобрақамлари ва (ёки) омонатлари бўйича, шу жумладан мижознинг банк карталари бўйича (банк карталари пин-код нотўғри киритилиши оқибатида блокировка бўладиган ҳолатлар бундан мустасно) амалиётлар тўхтатилган тақдирда, банк ҳисобрақам ва омонат бўйича амалиётлар тўхтатилган санадан бошлаб кейинги иш кунидан кечиктирмасдан унинг эгасига сабабларини кўрсатган ҳолда ҳисобрақам бўйича амалиётлар тўхтатилгани ҳақида хабар юбориши шарт», – дейилади банк хабарида.
 
Айни пайтда ушбу тузатишлар белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш учун Адлия вазирлигига юборилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.