Kun.uz таҳририяти Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан юзага келган низонинг тўлиқ аудиоёзувини чоп этди. Бундан олдин таҳририят журналистлар ва блогерлардан бу масалани муҳокама қилмасликни илтимос қилганди. Kun.uz таҳририятининг қайд этишича, уларда ҳокимга нисбатан душманлик йўқ, аммо ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари чоралар кўриши мумкинлигини кутишмоқда. Қуйида аудиоёзувнинг бир қисмини келтирамиз:

"Ёзинглар, истаганларингча. Ҳеч ким олдингларни тўсаётгани йўқ. Лекин ҳар бир одам худонинг олдида ўзи жавоб беради.

Менга қизиқ, шунча тадбиркорнинг муаммоси туриб, битта ўшанинг иши билан борилган. Нима бор бу ерда, манфаат борми? Шахсий манфаат бор. Билмасам.

Бир томонлама ўрганасизлар. Иккинчи томонни ўрганмайсилар. Ҳокимият ҳудудида камера кўтариб юриш мумкинми? Қўлингда ҳужжатинг йўқ, форманг йўқ. Масалан, сенинг уйингга камера билан бора оламанми, укам? Қанақа реакция бўлади? Хафа бўласанми? Боре, камерангни йўқот дейсан, тўғрими?

Ҳужжат кўрсатмагансизлар. Этикада олдин рухсат сўраладими? Камерага оламиз деб. Рухсатсиз камерага олишга ҳаққинг борми?

Битта нарсага келишамиз, эркакча гаплашамиз, майлими? Бу ишни қонун доирасида ҳал қиламиз. Халқни аралаштирмаймиз, сайтга чиқармаймиз. Икки томоннинг ҳаракати ўрганилади. Қонун, суд нима деса шу бўлади. Бунга айб қўйилса шу жазони берамиз. Сан айбдор бўлсанг шу жазо. Фақат халқни аралаштирмаймиз. Суд билан ҳал қиламиз. Розимисан. Ҳеч қаерда ёзмайсан. Агар шу гап орада қоладиган бўлса. Охиригача оборамиз. Аллоҳ олдида сўз бераман, судга тайзиқ ўтказмайман.

Барчаси қонун бўйича. Агар бу айбдор бўлса буни ҳайдайман. Санда айб бўлса бундан кейин журналистлик қилмайсан. Жаримани тўлайсан, чиқасан ўйиндан. Нопрофессионаллик учун. Иккинчи журналистлик қилмайман деб айтасан хоҳласанг, айтмасангам майли. Розимисан шунга. Қўлни уз. Ташқарида халқ аралашмайди.

Мен журналистикани бугун ашула айтиб, эртага йўқ бўлиб кетадиган аҳволда кўришни хоҳламайман. Жиддий компаниялар бўлишини, жаҳонга чиқишини, ўзбекдан чиқишини хоҳлайман. Орзум шу.

Мен профессионал журналистларни қаттиқ ҳурмат қиламан. Профессионалларни. Масалан, Познерни эшитиб маза қиламан. У профессионал.
Лекин мен енгил-елпи материаллар билан буни (ҳоким ўринбосари) бервормайман. Шунчаки бериб юбормайман. Ўз ходимимни осонлик билан хафа қилдириб қўймайман".
 
Рўй берган воқеани бу ерда ўқиш мумкин.