2020 йилда йўл-транспорт ҳодисаларида 1689 киши ҳалок бўлган

Ўзбекистонда 2020 йилда 6982 та йўл-транспорт ҳодисаси (ЙТҲ) содир бўлгани қайд этилди. ЙТҲлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони эса 1962 нафар кишини ташкил қилди, деб ёзади “Газета” нашри.
 
Бу ҳақда жума куни ўтказилган брифингда ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг бўлим бошлиғи Илҳом Идиров маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, 2019 йилда йўл-транспорт ҳодисалари натижасида ҳалок бўлганлар сони 2094 нафарни ташкил этиб, 2020 йилда ушбу кўрсаткич 6,3 фоизга камайгани қайд этилган. 2020 йилда жами ЙТҲлар сони 2019 йилга нисбатан 13,7%га камайиб, 6982 тани ташкил этган. Шундан ўлим билан боғлиқ ҳолатлар сони 1689 та бўлган.
 
ЙТҲлар оқибатида жароҳатланганлар сони ўтган йилга нисбатан 16,8%га камайиб,6591 нафарни ташкил қилган.

Илҳом Идировнинг маълум қилишича, 2020 йилда ЙҲХББга фуқаролардан йўл ҳаракати қоидалари бузилиши акс этган 89061 та видео келиб тушган, уларда 165143 та қоидабузарлик қайд этилган. 88525 та ҳолат бўйича 36,8 млрд сўм миқдорида жарима ундирилган, видеоларни юборган фуқароларга рағбат сифатида 988,9 млн сўм тўланган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.