2021 йил Anhor.uz мақолаларида нимаси билан эсда қолди
Anhor.uz поёнига етаётган йилнинг асосий воқеаларини эсламоқда. Коронавирус инфекцияси сабабли бир йилга кечиктирилган Токио Олимпиадаси аҳамиятли воқеалардан бирига айланди. Ўзбекистонликлар унда учта олтин ва иккита бронза медални қўлга киритди.
Токио Олимпиадасида Оксана Чусовитинани кўз ёшлари билан кузатишда, Тошкентда эса уни гуллар ва ҳайрат билан кутиб олишди. Бизнинг таҳририят ҳам бундан истисно эмас. Кейинчалик у спортга қайтишни режалаштираётганини ва 2022 йилги Осиё ўйинларига тайёргарлик кўришга қарор қилганини билдиради.
Токиода паралимпиадачилар 19 та медални – 8 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза медални қўлга киритди. Биз нафақат ногиронлиги бор кишиларнинг муваффақиятлари ҳақида, балки уларнинг ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақида ҳам ёзгандик. Президент сайловлари олдидан сайлов участкаларини ногиронлиги бор кишилар учун ҳам имконли эканини текширдик.
Бу йил таҳририятимиз журналистлари ўзларининг кўп вақтини уй бузилишлари ҳақидаги ишлар бўйича суд мажлисларида ўтказишди. Бир пайтлар Миробод тумани аҳолисига ваъда қилинган истироҳат боғи барпо этилгани йўқ. Бироқ шаҳар аҳолиси МУМ олдидаги боғни асраб қолишга муваффақ бўлди: “Истиқлол” стеласи “Янги Ўзбекистон” боғида қад кўтарди. Якунланаётган йил урбанистика мақолаларимизнинг муҳим мавзусига айланди. Архитектор-урбанист Анвар Мухамеджанов мамлакат қандай қилиб барқарор урбанизацияга эришиши мумкинлиги ҳақида ёзди. Бу мақола “Me’mor-2021” II кўрик-танлови доирасида ғолиб чиқди.
Шунингдек, Афғонистондаги воқеалар ҳам медиаҳудудда катта муҳокамага сабабчи бўлган мавзуга айланди. Биз экспертлар ёрдамида ушбу вазият борасидаги афсонавий ва реал хавф-хатарларни таҳлил қилдик.
Бу йил бизни коронавирус мавзуси ҳам тарк этгани йўқ: биз шифокорлар билан биргаликда эмланиш мавзусини кўтардик, журналистлар маълумотлар асосида Covid-19 дан ўлим ҳолатлари нотўғри кўрсатилаётганини очиб беришди.
Сифатли тиббиёт мавзуси ҳам текширувларга бағишланган мақолаларимизда баралла янгради. Хусусан, Туркия, Россия ва Қозоғистондан контрабанда йўли билан олиб келинаётган инсулин, мамлакатда онкологиядан болалар ўлими юқори даражада қолаётгани ҳақида сўз борди.
Таҳририят солиқ тўловчиларнинг пуллари самарали сарфланаётганини тушуниш учун давлат харидлари порталида кўплаб соатларини ўтказди. Хусусан, биз президент қароргоҳида пардалар, ёнғин сигнализацияси қанча туришини билиб олдик.
Афсуски, давлат органлари ва ташкилотлари мунтазам равишда таҳририятнинг сўровларига жавоб бермасликда давом этмоқда ва бу билан шаффофлик ва очиқлик таъминланмаяпти. Уларнинг орасида, ўтган Олимпиада якунлари бўйича ҳисобот тақдим этмаган Олимпия қўмитаси ҳам бор. Шу ва бошқа муаммоларни ўз мақоламида медиаюрист Мадина Турсунова ҳам гапириб берди.
Иқтисодчи Абдулла Абдуқодиров нега жамиятимиз қашшоқ эканини таҳлил қилди. Унинг қайд этишича, аҳолида даромаднинг йўқлиги бевосита уларнинг таълимида, ҳаётий кўникмаларга эга бўлишида ҳамда ёшларнинг жамиятдаги реал ҳаётга мослашиш даражасида акс этмоқда.
Маданият ҳақидаги лонгридларимиз сайтдаги энг кўп кўрилган материаллар сирасига кирди. Хусусан, биз Савицкий музейининг директори Тигран Мкртичев билан ушбу музей феномени ҳақида суҳбатлашдик, буюк князь Романовнинг саройи музейга айланиши ҳақида ёздик, кинотанқид ҳақида Антон Долин билан суҳбат қурдик.
Таҳририят сайтга ташрифи орқали виждонли журналистикани қўллаб-қувватлаётгани учун ўқувчиларга ўз миннатдорчилигини изҳор этади. Биз 2022 йилда ҳам сизларни кўпроқ ташвишга солаётган мавзулар ҳақида сўз юритишда давом этамиз.
Шарҳлар