2021 йилда жаҳон иқтисодиёти 4% га ўсиши кутилмоқда; вакциналарнинг тарқатилиши ва инвестициялар – барқарор тикланиш калити

Жаҳон банки (ЖБ)нинг прогнозларига кўра, Ўзбекистон ЯИМ 2021 йил 4,3%га, 2022 йилда 4,5% га ўсиши кутилмоқда. Бу ҳақда Жаҳон банкининг «Жаҳон иқтисодиёти истиқболлари» ҳисоботида сўз боради.
 
Банкнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2020 йилда Ўзбекистон ЯИМнинг ўсиши 0,6%ни ташкил этган. Октябрь ойида ЖБ 2020 йилда 0,4%дан 0,8%гача, 2021 йилда эса 4,8%дан 5%гача бўлишини прогноз қилган эди.
 
Марказий Осиё минтақасида иқтисодий ўсиш суратлари 3%гача етиши тахмин қилинган. Бунга хомашё нархларининг ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмининг бироз ошиши сабаб бўлади. Бунда субрегионнинг Хитой таклиф этган «Бир минтақа — бир йўл» ташаббусини амалга оширишда фаоллашиши инобатга олинади.
 
Мутахассислар минтақадига вазият салбий тусда ривожланиши хавфи мавжудлигини ҳам таъкидлашган.
 
«Минтақадаги иқтисодий ўсишнинг бевосита истиқболларига сўнгги пайтларда баъзи мамлакатларда ижтимоий нотинчликка, шунингдек, геосиёсий зиддиятларнинг кучайиш хавфига сабаб бўлган COVID-19 билан касалланишнинг кўпайиши бўйича ноаниқлик хавф солади», — дейилади ҳисоботда.
 
COVID-19 билан касалланиш ҳолатларининг кўпайиши чекловлар қатъийлаштирилишига ва уй хўжаликлари ҳамда компаниялар томонидан кескин реакция келиб чиқишига сабабчи бўлиши мумкин, дейилади ЖБ ҳисоботида.
 
Жаҳон банки глобал иқтисодиёт пандемия келиб чиқарган инқироздан кейин 2021 йилда 4%га ўсишини прогноз қилди. Мутахассисларнинг фикрича, вирус тарқалишининг кучайиши, вакциналар тадбиқ этилиши кечикиши, пандемиянинг эҳтимолий ўсишга жиддийроқ таъсири ва молиявий соҳадаги танглик салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Мутахассислар баҳоларига кўра, АҚШ ЯИМ 2021 йилда 3.5% га ўсиши кутилмоқда. Европа ҳудудида ишлаб чиқариш ҳажми 2020 йилда 7,4 фоизга пасайганидан сўнг, 2021 йилда 3,6 фоизга ўсиши кутилмоқда. Ўтган йили 5,3 фоизга пасайиш кузатилган Японияда иқтисодий фаоллик 2021 йилда 2,5 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Шаклланаётган бозор ва ривожланаётган мамлакатларнинг, шу жумладан Хитойнинг ялпи ички маҳсулоти, 2020 йилда 2,6%га қисқаргандан сўнг, 2021 йилда 5 фоизга ўсиши кутилмоқда. Ўтган йили 2 фоиз ўсган Хитой иқтисодиёти бу йил 7,9 фоизга ўсиши тахмин қилинган.

Хитойни ҳисобга олмаганда, шаклланаётган бозор ва ривожланаётган мамлакатларнинг иқтисодий ўсиши 2020 йилда 5 фоизга қисқаргандан сўнг, 2021 йилда 3,4 фоизга ўсиши кутилмоқда. Кам даромадли мамлакатларда иқтисодий фаоллик 2021 йилда 3,3 фоизга ўсиши прогноз қилинган, 2020 йилда бу кўрсаткич 0,9 фоизга пасайган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.