Кечки Анҳор: 22 ноябрь янгиликлари
Андижон вилоятида газ портлашидан она ва унинг ўғли жабрланди. Воқеа 20 ноябрь куни соат тахминан 2:30 да Булоқбоши туманининг “Шохгузар” маҳалласидаги уйлардан бирида содир бўлган. Газ хонани иситиш учун қўлбола печкага уланган едирилган велосипед резинаси орқали сизиб чиққан.
Президент пенсия ислоҳоти концепциясини ишлаб чиқишни топширди. Пенсия тизими уч босқичли бўлади. Биринчи босқичда минимал миқдордаги давлат пенсиясини тўлаш кўзда тутилади. Иккинчиси – фоизларни Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасидан паст бўлмаган миқдорда ҳисоблаб ёзган ҳолда, маошдан муайян суммани ажратиш асосида шахсий ҳисобда жамғариладиган пенсия. Учинчи ҳолатда пенсия жамғармасига ўтказиладиган ажратма миқдорини фуқаронинг ўзи белгилайди.
Мухиддин Жўраев лавозимидан озод этилди. Ўзбекистон ички ишларининг янги вазири ким бўлгани ҳозирча номаълум.
Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи консультатив учрашувида Туркманистон президенти ҳам қатнашади. Ўтган йили бўлиб ўтган биринчи учрашувда Гурбангули Бердимуҳамедов иштирок этмаганди. Учрашув 28-29 ноябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтади.
Шарҳлар