Олий Мажлис Сенати тўртта қонунни маъқуллади

Олий Мажлис Сенати тўртта қонунни маъқуллади

Олий Мажлис Сенати тўртта қонунни маъқуллади, улар Президент томонидан имзоланганидан кейин ва белгиланган тартибда эълон қилинганидан сўнг кучга киради. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг матбуот хизмати хабар беради.

Хусусан, Сенат томонидан “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни  маъқулланди. Давлат бюджети илк бор қонун шаклида кўриб чиқилди.

Сенаторлар “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини янги таҳрирда қабул қилишди, унда Вазирлар Маҳкамасининг иқтисодий, молиявий, валюта-кредит, инвестицион, ижтимоий, маданий-гуманитар, таълим, илмий, соғлиқни сақлаш, экологик ва бошқа соҳалардаги ваколатлари белгиланди.

Шунингдек  “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни маъқулланди. Унда волонтёрлик фаолияти соҳасида юзага келадиган ижтимоий муносабатлар тизимини белгилаш, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш, мамлакатда фуқаролик жамиятини ривожлантиришни давом эттириш, шунингдек ҳозирги замон шароитларида волонтёрлик фаолияти самарали амалга оширилиши ва ривожланишини таъминлайдиган қонунчилик асосларини такомиллаштириш назарда тутилган.

Сенаторлар томонидан “Банкротлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни маъқулланди. Қонун  Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг кўрсаткичларини яхшилашга йўналтирилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижро этиш мақсадида ишлаб чиқилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.