Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги сайтига икки йил олдинги шартнома нархлари жойлаштирилгани маълум бўлди

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги сайтига икки йил олдинги шартнома нархлари жойлаштирилгани маълум бўлди

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги сайтининг «Шартнома нархи» саҳифасига эскирган маълумотлар жойлаштирилгани маълум бўлди. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларнинг фойдаланувчилари маълум қилади, деб ёзади Kun.uz нашри.

Маълум бўлишича, вазирлик сайтидаги «Шартнома нархи» саҳифасида олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида 2013/2014 ўқув йили бўйича ўқиш учун бир йиллик шартнома нархлари ҳақидаги маълумот сифатида фойдаланувчиларга 2012/2013 ўқув йили арафасида қабул қилинган буйруқни pdf форматида кўчириб олиш таклиф қилинмоқда.

Эътиборли томони, ушбу файл вазирлик сайтининг ушбу саҳифасига 2013 йил 21 сентябрь куни юклангани кўрсатилган. Маълумот учун, вазирлик сайтининг русча ва инглизча версияларида контракт нархлари умуман келтирилмаган.

Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, июль ойи охирида янги – 2014/2015 ўқув йили учун олий таълим муассасаларида таълим йўналишлари бўйича битта талабани бир йиллик ўқитишнинг янги қийматлари белгиланган.

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг маълумотларига кўра, янги ўқув йилидан бошлаб контракт нархлари ўртача 10 фоизга қимматлайди. Бакалавр йўналишидаги энг кам шартнома миқдори 5,05 миллион сўмни ташкил этади. Маълумотларга кўра, ҳуқуқ йўналишида бакалаврда ўқиш нархи 7,45 миллион сўм, магистратурада эса 8,19 миллион сўмгача қимматлаган.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги контракт нархлари ошгани ҳақида ҳозирча хабар бергани йўқ, Lex.Uz тизимида эса бу борада бирор ҳужжат эълон қилинганича йўқ.

Маълумот учун, 2014 йил 6 майидан кучга кирган «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонунга асосан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органи сайтида орган томонидан қабул қилинган ҳужжатлар, уларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, шунингдек, ҳужжатларнинг ўз кучини йўқотган деб топилиши ҳақидаги ҳужжатлар жойлаштирилиб борилиши мумкин.

Ўз навбатида, қонунга кўра, давлат органи веб-сайти ҳафтасига камида бир марта янгиланиши, ўз навбатида, давлат органи расмий сайтида эълон қилинаётган ахборот ишончли бўлиши керак. Қонунга асосан, давлат органлари сайтида эълон қилинган ахборотлар ОАВда эълон қилинган ахборот билан тенг кучли бўлади.

Фотосурат: Kun.uz

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.