Қирғизистон ҳудудида Ўзбекистон эксклави ҳисобланган Фарғона вилоятининг Сўх тумани аҳолиси учун тумандаги эски аэродром қайта таъмирланиб, вилоят марказига ҳаво йўллари орқали бориб-келиш йўлга қўйилади. Бу ҳақда туман ҳокимлигининг матбуот хизмати хабар беради.
 
Сўх туманининг майдони 352 километр квадрат майдонни ташкил қилади, у Қирғизистоннинг Боткен вилояти билан тўлиқ ўраб олинган. Сўх ва Боткен аҳолиси орасида бир неча бор турли сабабларга кўра низолар юзага келган. Охиргиси 31 май куни юз берди: унда икки мамлакат фуқаролари Чашма булоғи кимга қарашли борасида келиша олмаган. Жанжал тўқнашувга айланган ва томонлар бир-бирини тошбўрон қила бошлаган, уйларни ёққан. 187 нафар ўзбекистонлик ва 25 нафар қирғизистонлик фуқаро жабрланган.