Олмалиқ ҳокими ўғли тезлик режимини оширганини тан олди. У журналистлар эътибор қаратган ҳолатлар 4-5 ой олдин содир бўлганлигини қайд этади. “Мен юзага келган вазиятдан жуда афсусдаман”, дейди у.

Ижтимоий тармоқларда 20 ёшли Дилшод Исмоилов – Олмалиқ туман ҳокими Усмон Рахимовнинг ўғли Тошкент кўчалари бўйлаб жуда катта тезликда кетаётгани акс этган видеоёзув тарқалди. Видео 1-3 кун олдин олинган.

Олмалиқ ҳокими Усмон Рахимов Газета.uz нашрига видео 4-5 ой олдин тасвирга олинганини маълум қилган.

«Ўшанда у жаримага тортилганди. Тезликни оширгани учун автомобиль рулига ўтиришни тақиқладим. У 3-4 ойдан бери машинада юрмаяпти. Бу Mercedes-Benz эмас, балки Tracker автомобили эди. Машинага шунчаки Mercedes-Benz рули ўрантилган. Tracker автомобили Nurafshon Avtocentr автосалонида кредитга олинган, ҳозирча машинанинг ярим қиймати тўланган. Биз уни сотмоқчи эдик, аммо узилмаган кредит сабабли буни қилолмаймиз», — дейди у.

Ҳокимнинг сўзларига кўра, Tracker Дилшод Исмоилов кичик укасини Тошкентга ўқишга олиб бориши учун кредитга олинган. Унинг таъкидлашича, айни пайтда машинани ишончнома орқали Ғайрат Бакдавлетов бошқармоқда.

Тошкент ИИББ Тошкент вилояти Олмалиқ тумани ҳокимининг ўғли Дилшод Исмоилов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 128−5 моддаси иккинчи қисмига (транспорт воситалари ҳайдовчиларининг халақит бериши ёки авария ҳолатини юзага келтириши) мувофиқ жаримага тортилганини хабар қилади. Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг маълумотларига кўра, мазкур ҳайдовчи 2019 йилда 8 та ҳуқуқбузарлик содир этганлиги қайд этилган («Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини ошириб юбориши»), 2020 йилда ҳам у томондан содир этилган ҳуқуқбузарликлар сони 8 тани ташкил этмоқда (худди ўша модда бўйича, шулардан тўрттасининг жаримаси тўланган).