Божхона декларациясини тўлдириш жараёни соддалаштирилди

Божхона декларациясини тўлдириш жараёни соддалаштирилди

Давлат божхона қўмитаси Йўловчи божхона декларациясининг тўлдириш ва расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги янги йўриқномани тасдиқлади.

Янги Йўриқномага кўра, агар фуқаро декларацияни ўзи мустақил равишда тўлдира олмаса (руҳий касал, ақли заиф, жисмоний имконияти чекланган шахс ва бошқалар), декларация унинг номидан ушбу шахсни кузатувчи шахс томонидан тўлдирилади. Бунда декларацияда кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилиги учун Декларацияни тўлдирган ва имзолаган шахс жавобгар бўлади. Декларация резидентлар томонидан Ўзбекистон Республикасига киришда ва норезидентлар томонидан Ўзбекистон Республикасидан чиқишда бир нусхада тўлдирилиши мумкин. Бунда декларация божхона органида қолади.

Аввалги декларациядан фарқли равишда янги декларациянинг орқа томонида божхона қоидалари бўйича эслатма киритилган. Декларацияда олиб ўтилаётган товарларни тавсифлаш имкон қадар уларнинг номи, фарқлаш хусусиятлари, миқдори ҳамда уларнинг АҚШ долларидаги қийматларини кўрсатган ҳолда амалга оширилади. Шунингдек, бундан буён барча ҳолатларда декларацияни товар, юклар, транспорт воситалари ва предметларнинг эгаси шахсан тўлдириши керак.

Декларация йўқотилган тақдирда тикланмайди. Бундай ҳолатларда шахс Декларацияни божхона расмийлаштирувидан ўтказган божхона органига мурожаат қилганда, Декларация нусхасини ва унда кўрсатилган Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютаси, нақд чет эл валютаси, бошқа валюта бойликлари, қимматбаҳо буюмлар ҳамда товарларни олиб ўтилганлигини тасдиқловчи маълумотни олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Транспорт воситаси декларация қилинганида энди унинг фақат давлат рақами ва автомобиль русуми кўрсатилишининг ўзи кифоя. 

Декларация икки нусхада тўлдирилади. Декларациянинг бир нусхаси божхона органида қолади, иккинчи нусхаси эса Декларацияни тўлдирган шахсга берилади. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.