Ўзбекистон ва Хитой ўртасида 6 млрд долларлик битим имзоланди

Ўзбекистон ва Хитой ўртасида 6 млрд долларлик битим имзоланди

Ўзбекистон ва Хитой 2014-2018 йилларга мўлжалланган стратегик ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш дастурини қабул қилди.

Ушбу ҳужжат Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг 19-20 август кунлари ХХРга ташрифи давомида имзоланди.

Музокаралар якуни бўйича Ислом Каримов ва Си Цзиньпин Ўзбекистон Республикаси билан Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги Қўшма декларацияни имзоладилар. Шунингдек, мамлакатларимиз ўртасида техникавий-иқтисодий, энергетика, юқори технологиялар, банк-молия каби соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланди, дея хабар беради ЎзА.

«Кўп ишлар қилинди. Биз ҳамкорлик тўғрисида умумий қиймати 5,2 млрд долларлик 22 та битимни имзоладик. Савдо битими ҳам қўшилишини инобатга олсак, ушбу ташриф давомида тузилган битимларнинг умумий қиймати 6 млрд доллардан ошди», — дея иқтибос келтиради Ислом Каримовнинг сўзларидан Хитой ОАВ.  
 
Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо-иқтисодий ва сармоявий шерикларидан бири эканини қайд этиш жоиз. Хусусан, сўнгги олти йилда мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 6 баробар ошди ва 2013 йилда 5,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Ўзбекистонда Хитой сармояси иштирокида тузилган 482 корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг етмишдан зиёди тўлалигича Хитой инвестициялари ҳисобига ташкил этилган. Юртимизда Хитойнинг 74 компанияси ўз ваколатхонасини очган.

Фотосурат: © ЎзА

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.