Россиянинг “Евроцемент” компанияси Ўзбекистон билан муроса битимини имзолайдиган бўлди

Россиянинг “Евроцемент” компанияси Ўзбекистон билан муроса битимини имзолайдиган бўлди

Шу йил сентябрь-октябрь ойларида «Евроцемент груп» компанияси Ўзбекистон томони билан “Оҳангаронцемент” ОАЖни хусусийлаштириш якунларини тан олмаслик тўғрисидаги даъво бўйича муроса битимини имзолаши мумкин, дея хабар беради “Новый век” нашри.

Тошкент вилоят хўжалик судининг Апелляция коллегияси даъвогарнинг илтимосига биноан заводнинг хусусийлаштирилишини тан олиш тўғрисидаги қуйи инстанция қарорига қарши берилган даъво бўйича ишнинг кўриб чиқилишини кейинга қолдирди.

Россия холдинги вакиллари жавобгар, яъни Ўзбекистон Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан муроса келишувининг юридик тафсилотларини ишлаб чиқиш учун қўшимча вақт сўради. Россия компаниясининг илтимоси Ўзбекистон тарафи томонидан қўллаб-қувватланди. Тошкент вилоят хўжалик суди Апелляция коллегиясининг кейинги мажлиси 25 сентябрга белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, 21 июль куни Тошкент вилоят хўжалик суди Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг “Оҳангаронцемент”ни 1994 йил август ойида хусусийлаштириш якунлари ноқонуний деб тан олиниши ҳақидаги даъвони қондирган эди. Шунингдек суд томонидан корхона мулки ва банк ҳисобрақамларини хатлаш тўғрисида қарор ҳам чиқарилган.

Бундан олдин бозор иштирокчилари корхонанинг давлат тасарруфига ўтказилиши тўғрисидаги қарор жуда тез қабул қилингани, сўнгги пайтларда цемент заводида кутилмаган текширувлар ўтказилаётганини кўрсатганди. Шу йил баҳорида Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва молия органлари ҳақиқатан ҳам корхонани режадан ташқари текширувдан ўтказган. Унинг натижалари бўйича қонунбузарликлар аниқланмаган.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.