Путин: Россияда Ўзбекистон билан муносабатларнинг ривожланишига умид қилишмоқда

Путин: Россияда Ўзбекистон билан муносабатларнинг ривожланишига умид қилишмоқда

Кеча Душанбе шаҳрида ўтказилаётган ШҲТ саммити доирасида Россия ва Ўзбекистон президентларининг учрашуви бўлиб ўтди. Суҳбат давомида Путин бу йил икки мамлакат ўртасидаги Стратегик ҳамкорлик шартномасига 10 йил тўлганини, ўтган йиллар мобайнида мамлакатлар “прагматизм, тенг ҳуқуқлик ва манфаатларнинг ўзаро ҳурмати” тамойиллари асосида кўп нарсаларга эришганини эслатди, деб ёзади “РИА Новости”.

Россия президентининг қайд этишича, сўнгги йилларда яратилган механизм иқтисодиёт, гуманитар алоқалар ва сиёсат соҳаларидаги икки томонлама муносабатларнинг ривожланишига кўмаклашмоқда. “Мамлакатларимизни кўп йиллик, айтиш мумкинки, кўп асрлик ўзаро алоқалар, дўстлик, ҳамкорлик ришталари боғлаб турибди. Айнан мана шу ижобий капиталга таянган ҳолда, олдинга ҳаракат қилишимизга ишончим комил”, – дейди В.Путин.

Ўз навбатида, И.Каримов ушбу учрашув имконияти учун Путинга миннатдорчилик билдириб, бундай мулоқотлар мунтазам равишда ўтказилиши кераклигини, чунки мамлакатлар ўртасидаги муносабатларда айрим саволлар борлигини қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, 1992 йил май ойида РФ ва Ўзбекистон Давлатлараро муносабатлар, дўстлик ва ҳамкорлик асослари тўғрисидаги шартномани имзолаган эди.
Шунингдек, 2005 йил ноябрь ойида Ислом Каримовнинг Россияга расмий ташрифи давомида иккала мамлакат президентлари томонидан Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома ҳам имзоланди. Ушбу ҳужжат иттифоқчилик тамойилларини икки томонлама Россия-Ўзбекистон муносабатларининг асоси сифатида ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашга қаратилган.   

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.