И. Каримов: Украина муаммосини ҳал этишда Россиянинг манфаатлари инобатга олиниши лозим

И. Каримов: Украина муаммосини ҳал этишда Россиянинг манфаатлари инобатга олиниши лозим

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Душанбеда бўлиб ўтаётган ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг саммитида нутқ сўзлар экан, саммит ишини яхши ташкил этганлиги учун Тожикистон президенти Эмомали Раҳмонга миннатдорчилик билдирди, дея хабар беради “Азия-плюс”.

Ўзбекистон Президенти ўз ҳамкасбларининг эътиборини Украина, Афғонистон ва жаҳон иқтисодиёти муаммоларига қаратди.

Украина масаласига тўхталар экан, Каримов Украина ва Россия ҳукуматларининг муаммони тинч йўл билан ҳал этиш бўйича ташаббусини қўллаб-қувватлашини қайд этди. Шунингдек Президент Украинада тинчлик ва тотувликка эришиш учун ушбу мамлакат ҳукумати Россия билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориши кераклигини айтди.

 «Украинадаги тангликни ҳал этишда Россиянинг мазкур минтақадаги манфаатлари инобатга олиниши керак», – дея таъкидлади Каримов.

И.Каримов, Афғонистон масаласига тўхталар экан, айрим экспертлар ва сиёсатчиларнинг тахминларига қарамасдан, ушбу мамлакатдаги вазият кескинлашиш тенденциясига эга эканини, Афғонистон иккинчи Ироққа айланиши мумкинлигини таъкидлади.

«Афғонистондаги сайловчилар овозларининг қайта ҳисобланиши катта хавотир туғдиради, бу мамлакатдаги тинчлик ва тотувликка бўлган умидни сусайтиради”, – дея қайд этади Каримов.   

Ўзбекистон раҳбарининг сўзларига кўра, афғон муаммосини куч ва қурол ёрдамида ҳал этиб бўлмайди.
 
«Афғон халқи ўз тақдирини ўзи ҳал қилишига имкон беринглар», – дея таъкидлади Ўзбекистон Президенти.
 
Унинг фикрича, Афғонистондан аксилтеррорчилик кучларининг олиб чиқилиши ўзига хос вакуумни ҳосил қилади, бундан террорчилар, экстремистлар ва гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчилар дарҳол фойдаланиб қолиши мумкин.

Иқтисодий муаммолар билан боғлиқ масалаларни ҳал этишга тўхталар экан, И.Каримов ШҲТга аъзо давлатлар иқтисодиёт, инвестициялар ва транспорт соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаши шарт эканини таъкидлади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.