Бош прокуратура шов-шувли жиноят ишига изоҳ берди

Бош прокуратура шов-шувли жиноят ишига изоҳ берди

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг матбуот хизмати ОАВ вакилларининг саволларига жавоб берди.  

Савол: Пресс-релизда тилга олинган Авакьян Г. ва Мадумаров Р. Европанинг қатор мамлакатларидаги шов-шувли тергов ишлари муносабати билан таниқли. Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан қўзғатилган жиноят иши Европадаги тергов ишларининг давоми ҳисобланадими?

Жавоб: Бош прокуратура томонидан Ўзбекистоннинг бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ўзаро алоқада олиб борилаётган жиноий иш тергови мустақил характерга эга. Биз фақат тергов жараёнида қатор хорижлик ҳамкасбларимиздан ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги сўровларни олдик, уларга тергов натижалари бўйича, халқаро конвенцияларга мувофиқ, тегишли жавоблар берилади.  

Р.Мадумаров, Г.Авакьян, Н.Содиқов ва бошқалардан иборат уюшган гуруҳнинг республикамиз ҳудудида олиб борган тахминий ноқонуний фаолияти Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан пухталик ва диққат билан олиб борилаётган терговнинг предмети ҳисобланади. Хусусан, сўз давлат активларини сунъий тарзда арзонлаштирилган нархларда сотиб олиш, уларни ўзлаштириш ва талон-тарож қилиш, бошқа молиявий-иқтисодий фирибгарликларни содир этиш ҳақида бормоқда. Бунинг натижасида Ўзбекистонга жиддий иқтисодий зарар етказилган. Айни пайтга қадар ушбу зарарни қоплаш  учун давлатга умумий миқдори 457 млрд сўмлик активлар ва мулк қайтарилди.   

Савол: Нега Р.Мадумаров, Г.Авакьян ва бошқаларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича айблов ҳукми умумий юрисдикциядаги суд томонидан эмас, балки Ҳарбий суд томонидан чиқарилди?
 
Жавоб: 2014 йил 24 майда Тошкент гарнизонининг Ҳарбий суди ўзбекистонлик айрим фуқароларни зўрлик билан ўғирлаш ва узоқ вақт давомида ноқонуний ушлаб туриш билан боғлиқ фақат биттагина жиноят иши бўйича қарор чиқарди. Юқорида кўрсатилган конкрет жиноят Р.Мадумаров ва Г.Авакьяннинг тўғридан-тўғри кўрсатмаси бўйича ҳаракат қилган бир гуруҳ собиқ ҳарбийлар томонидан содир этилган.

Асосий ижрочилар ҳарбийлар мақомига эга бўлгани ва қатор ҳарбий жиноятларга йўл қўйгани учун ушбу жиноят иши ихтисослашган суд томонидан кўриб чиқилди. Шундай қилиб, бунда ёпиқликни таъминлаш мақсадида эмас, балки Ўзбекистон қонунчилиги талабларидан келиб чиқилган.

Бунинг устига, Р.Мадумаров, Н.Содиқов, Г.Авакьян ва бошқалардан иборат уюшган гуруҳнинг тахминий аъзоларини иқтисодий ва бошқа жиноятларни содир этганликда айблаш билан боғлиқ жиноят ишларининг материаллари айни пайтда судга тақдим этиш учун тайёрланган бўлиб, улар умумий жиноий тартибда кўриб чиқилади.  

Савол: Етказилган иқтисодий зарарнинг кўлами ва фирибгарликларнинг давлат активлари билан боғлиқлиги ҳисобга олинадиган бўлса, кузатувчиларда Н.Содиқов, Р.Мадумаров, Г.Авакьян ва бошқалар бу ишларни коррупциясиз амалга оширгани борасида асосли шубҳалар пайдо бўлаётир.

Жавоб: Бош прокуратура томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликда олиб борилган тергов жараёнида мазкур ноқонуний фаолиятнинг барча эпизодларини ҳар томонлама ва холис тергов қилинишини таъминлаш бўйича чоралар қабул қилинмоқда. Биз ҳамма далилларни тўпладик, деб айтишга ҳали эрта. Комплекс тергов-оператив ва қидирув тадбирлари олиб бориляпти. Бунда халқаро ҳамкорлик каналлари ва Интерпол линияси ҳам жалб этилган.

Тергов сирини таъминлаш талаби билан боғлиқ бўлган чеклов доирасида туриб шуни айтишим мумкинки, жиноят ишлари материалларида Г.И.Каримова ва бошқа шахсларнинг ҳам номлари бор, улар маъмурий дастаклардан фойдаланиб, Сиз айтгандай, Р.Мадумаров ва Н.Содиқовларнинг уюшган гуруҳи аъзоларига ўша коррупцияни таъминлаган бўлиши мумкин.

Яқин кунларда дастлабки тергов ишлари якунланган Р.Мадумаров, Г.Авакьян ва бошқаларга нисбатан қўзғатилган жиноят ишларидан бири кўриб чиқиш учун суд органларига юборилади.

Бошқа жиноят ишлари бўйича тергов давом этмоқда.
 
Савол: Пресс-релизда тилга олинган Г.Каримова мазкур жиноят ишида қайси процессуал мақомда ўтмоқда?  

Жавоб: Юқорида айтиб ўтилганидай, айни дамда тахминий уюшган гуруҳ аъзоларининг катта қисмига нисбатан материаллар судга юборилган. Мазкур гуруҳнинг жиноий фаолиятига алоқаси борликда гумон қилинаётган алоҳида шахсларга нисбатан материаллар алоҳида иш юритувига ажратилган. Ҳозир зарур гувоҳлик материаллари ва бошқа далиллар базаси тўпланмоқда. Эслатиб ўтаман, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси тергов якунлари бўйича уюшган жиноий гуруҳнинг ҳар бир аъзосига нисбатан жазонинг муқаррарлик тамойилига қатъий амал қилиниши билдирилган эди.

Биз, ўз томонимиздан, тергов натижалари ҳақида жамоатчиликни иложи борича тўлиқ хабардор қилиб боришга ваъда берамиз.

Савол: Г.Каримованинг вояга етмаган қизи – гўёки АҚШ фуқаролигига эга бўлган Иман борасида айрим оммавий ахборот воситаларида тарқалган хабарни изоҳлаб берсангиз. Маълум бўлишича, у онаси билан бирга изоляция шароитларида яшаётган экан, тенгдошлари билан мулоқот қилиш, ўқишини давом эттириш, малакали тиббий ёрдам олиш имконига эга эмас экан?

Жавоб: Бу маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Тергов қилинаётган жиноят ишларига Каримова Иманнинг  ҳеч қандай алоқаси йўқ. Демак, Бош прокуратура ёки бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари томонидан унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, шу жумладан ҳаракатланиш эркинлигини чеклаш билан боғлиқ ҳеч қандай процессуал чоралар қўлланилмаган.

Бизга маълум бўлишича, бу йил Иман 16 ёшга тўлган, у исталган йўналишда ҳаракатланиши, шу жумладан Ўзбекистон Республикасидан ташқарига ҳам чиқиши мумкин. Бундан ташқари, Иман, Қўшма Штатларда туғилгани боис, АҚШ фуқаролигини олиш ҳуқуқига ҳам эга. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бу унинг танлови.

Бош прокуратура Г.Каримованинг ўзи ва қизининг саломатлиги бўйича бошқа бирор-бир изоҳ беролмайди. Биздаги маълумотларга кўра, бу борада уларда ҳеч қандай муаммо йўқ, ҳар қандай ҳолатда ҳам бу масалалар тиббий муассасаларнинг ваколатига киради. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.