Ислом Каримов Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг Бош котибини қабул қилди

Ислом Каримов Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг Бош котибини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 2 октябрь куни Самарқанд шаҳридаги «Форумлар мажмуаси»да БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (ЮНВТО) Ижроия кенгашининг 99-сессиясида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган мазкур ташкилот Бош котиби Талеб Рифаини қабул қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар беради. 

Давлатимиз раҳбари меҳмонни юртимизга ташрифи билан қутлар экан, Ўзбекистон ушбу ташрифга ЮНВТО мамлакатимиз билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш тарафдори эканининг тасдиғи, деб қарашини таъкидлади. 

Учрашувда Ўзбекистонда туризмнинг халқаро, экологик, табиий-маданий, тиббий ва бошқа замонавий турларини, соҳа инфратузилмасини ривожлантириш, тарихий ёдгорликларни ўрганиш ва реставрация қилиш, кадрлар тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш, Буюк ипак йўли брендини биргаликда тарғиб этиш борасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. 

Талеб Рифаи самимий қабул ва сессиянинг юксак даражада ташкил этилгани учун Ўзбекистон Республикаси Президентига чуқур миннатдорлик билдириб, БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти бундан кейин ҳам мамлакатимиз билан ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади. 

Маълумот учун: Ўзбекистон 1993 йилда Жаҳон сайёҳлик ташкилотига аъзо бўлган. 2004 йилдан буён Самарқандда БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг Буюк ипак йўлидаги минтақавий маркази фаолият кўрсатмоқда. ЮНВТО га 150 дан зиёд давлат аъзо бўлиб, ташкилот кўплаб мамлакатларда сайёҳлик йўналишидаги лойиҳаларни молиялаштиради ва амалга оширади. Ҳозирги пайтда ЮНВТО дунёнинг асосий минтақалари бўйича 5 лойиҳани, жумладан, “Буюк ипак йўли” трансконтинентал лойиҳасини амалга оширмоқда. 1994 йилдан буён ҳар йили ўтказиб келинаётган Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси мазкур кенг кўламли лойиҳанинг муҳим йўналишларидан биридир.

Фотосурат: ©ЎзА  

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.