Абдулазиз Комилов Берлинда Германия Федерал ташқи ишлар вазири билан учрашди

Абдулазиз Комилов Берлинда Германия Федерал ташқи ишлар вазири билан учрашди

2014 йил 14 октябр куни Ўзбекистон Республикаси делегациясига бошчилик қилаётган Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Берлин шаҳрида ГФРнинг Федерал ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Штайнмаер билан учрашди.

Икки давлат ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий ва бошқа соҳалардаги давлатлараро алоқаларнинг истиқболларини муҳокама қилди.

Барча даражалардаги ҳамкорликнинг ўзаро ижобий тажрибаси, муносабатларнинг мунтазам янгиланаётган шартномавий-ҳуқуқий асоси кўп қиррали Ўзбекистон-Германия мулоқоти келажагига ишонч билан қараш имконини яратаётгани қайд этилди.

Германия Ўзбекистоннинг Европадаги етакчи савдо ҳамкори ҳисобланади. 2013 йилда ўзаро товар айланмаси 591млн. АҚШ долларидан ортган, бу олдинги йилги кўрсаткичдан деярли 100 млн. АҚШ долларига кўпдир.

Учрашувда савдо-иқтисодий, сармоявий ҳамкорликни янада кенгайтириш, юксак немис технологияси ва Ўзбекистон томонидан хорижий сармоядорларга тақдим этиладиган катта имтиёзлардан фойдаланган ҳолда замонавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишдан ҳар икки томон ҳам манфаатдорлиги таъкидлаб ўтилди.

Суҳбатдошлар маданий-гуманитар соҳадаги алоқаларни кенгайтиришнинг устувор йўналишларига алоҳида эътибор қаратди.

Шунингдек, томонлар долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар, шу жумладан Афғонистонда вазиятни тинч йўл билан ҳал қилиш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Музокаралар сўнгида вазирлар Ўзбекистон Республикаси ва Германия Федератив Республикаси ўртасида даромад ва мол-мулк солиқлари юзасидан икки ёқлама солиққа тортишнинг олдини олиш тўғрисида 1999 йил 7 октябрдаги Битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги Баённомага имзо чекишди.

Шу куннинг ўзида Германия ТИВнинг Шарқий Европа, Кавказ ва Марказий Осиё бўйиша Вакили Корд Маер-Клодт иштирокида сиёсий маслаҳатлашувлар ҳам бўлиб ўтди, дея хабар беради Ўзбекистон ТИВнинг матбуот хизмати.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.