Ўзбекистон пахтанинг 70 фоизини экспорт қилишдан воз кечади

Ўзбекистон пахтанинг 70 фоизини экспорт қилишдан воз кечади

Ўзбекистон ҳукумати пахта толаси экспортини камайтириш йўналишида мақсадли сиёсатни олиб бормоқда. Бу ҳақда 14 октябрь куни Тошкентда очилган пахта ярмаркаси арафасида ўтказилган анжуманда Бош вазир Шавкат Мирзиёев маълум қилди, деб ёзади “12news” нашри.

Унга кўра, 2015 йил охиригача ички ишлаб чиқариш қувватини кучайтириш ортидан 500 минг тонна пахта толасини экспорт қилишдан воз кечилади. 2020 йилгача эса Ўзбекистон пахтанинг 70 фоизини ўз ҳудудида қайта ишлаш салоҳиятига эга бўлади.

“Ўзбекенгилсаноат” ширкатининг билдиришича, бу мақсадга эришиш учун мамлакат текстил саноати модернизациясига 2015-2020 йиллар мобайнида 1 миллиард доллар маблағ ажратилмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистон ўзида етиштирилган пахтанинг 44 фоизини қайта ишлай олади.  Ўзбекистонда ҳар йили етиштирилган 3,5 миллион тонна пахтадан камида 1 миллион тонна пахта толаси олинади.

Қайд этиб ўтамиз, Халқаро пахта ярмаркаси Ўзбекистонда ўнинчи марта ўтказилмоқда.  2005 йилдан бери Ўзбекистон 7 миллион тонна пахта толаси сотиш бўйича шартномаларни имзолаган. Хусусан, Бангладеш 2014 йилда Ўзбекистондан пахта сотиб олишни 2013 йилга нисбатан 12 фоизга камайтиради. Бангладеш пахта ассосиацияси президенти Муҳаммад Аюбнинг билдиришича,  Бангладеш Ўзбекистондан 175 минг тонна кам пахта сотиб олишига қарамай, у  ўзбек пахтасининг асосий харидори бўлиб қолмоқда. Тошкентдаги пахта ярмаркасида жорий йилги мавсумда тайёрланадиган 600 минг тоннадан кўпроқ пахта толаси бир миллиард доллардан ортиққа сотилиши режалаштирилган.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.