Депутатлар 2015 йил учун Давлат бюджетини қабул қилди

Депутатлар 2015 йил учун Давлат бюджетини қабул қилди

22 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. 

Унда депутатлар Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги Бюджетномаси – Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, шунингдек, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳаларини кўриб чиқди.

Хусусан, унга кўра 2015 йилги Давлат бюджетининг ижтимоий харажатлари ЯИМга нисбатан 12,8 фоизни, таълимга ажратилган харажатлар 7,3 фоизни, соғлиқни сақлашга ажратилган харажатлар 3,1 фоизни, кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар, моддий ёрдам ва компенсация тўловлари 1,3 фоизни ташкил этади.

Давлат бюджетининг ижтимоий таъминотга ажратилган харажатлари жорий йилга нисбатан 1,2 баравардан зиёд ошади, бу эса аҳоли фаровонлигини изчил тарзда яхшилаш имкониятини яратади. 

2015 йилги Давлат бюджети лойиҳасида маданият муассасаларини таъминлаш ва спорт тадбирларини ўтказиш учун ажратилган харажатлар ҳажмини жорий йилга нисбатан 1,24 баравар ошириш назарда тутилган.

Шу билан бирга, 2015 йилги Давлат бюджети маблағлари ҳисобига Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг қарорлари билан тасдиқланган мамлакатимиз шаҳарларининг меъморий-режавий қиёфасини яхшилашга доир давлат дастурларининг рўёбга чиқарилишини таъминлаш ҳам кўзда тутилган.
Давлат бюджети лойиҳасида фан соҳасига ажратилган харажатлар жорий йилга нисбатан 1,26 баравар оширилган, бу эса ўз навбатида давлат илмий-техник дастурлари доирасида фанни ривожлантириш бўйича илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари ҳамда тадбирларини давом эттиришда муҳим аҳамиятга эга, дея қайд этади ЎзА.

Шунингдек, микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари учун ягона солиқ тўлови ставкасининг 25 фоиздан 15 фоизга пасайтирилиши солиқ юкини 481,8 миллиард сўм миқдорида камайтиради ҳамда айланма маблағларни тўлдириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва технологик қайта жиҳозлашни амалга ошириш, шунингдек, ходимларни рағбатлантириш учун қўшимча манба бўлиб хизмат қилади. Бу хўжалик субъектларининг фойда солиғи базавий ставкаси 8 фоиздан 7,5 фоизга, шунингдек, қурилиш соҳасида микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкаси 6 фоиздан 5 фоизга камайтирилаётганига ҳам тааллуқлидир. Бу эса 141 миллиард сўм маблағни корхоналар тасарруфида қолдириш имконини беради, ушбу маблағлар ишлаб чиқаришни модернизациялаш учун йўналтирилади. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокама чоғида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги Давлат бюджетини ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларини ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини тасдиқлади ва тегишли қарор қабул қилди. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.