Ўзбекистон деҳқон ва фермерлари 3 миллион 400 минг тоннадан зиёд пахта хирмонини йиғди

Ўзбекистон деҳқон ва фермерлари 3 миллион 400 минг тоннадан зиёд пахта хирмонини йиғди

Бу йил Ўзбекистон пахтакорлари 3 миллион 400 минг тоннадан зиёд хирмонни бунёд этиб, шартнома мажбуриятини ошириб бажарди. 

Бу йил далаларга ғўзанинг “Бухоро-6”, “Бухоро-102”, “Султон”, “Наманган-77”, “С-6524”, “Ибрат”, “Меҳнат” каби эртапишар, саноатбоп, серҳосил, жаҳон пахта бозорида харидоргирлиги билан ажралиб турадиган навлари экилди. Натижада тажрибали деҳқон ва фермерларнинг фидокорона меҳнати эвазига сифатли пахта хомашёси тайёрланди, дея қайд этади ЎзА.

Далалар тежамкорлик билан суғорилди, ғўза қаторларига меъёрида ишлов берилди. Хизмат кўрсатувчи ва таъминот ташкилотлари билан шартнома асосида иш олиб борилгани боис минерал ўғит, ёнилғи-мойлаш маҳсулотларини етказиб беришда узилишлар бўлмади. 

Хабарда айтилишича, жорий мавсумда пахта далаларида «Тошкент трактор заводи» очиқ акциядорлик жамиятида ишлаб чиқарилаётган МХ-1,8 модернизацияланган пахта териш машиналари иштирок этган. Республика пахта далаларида 1200 дан зиёд ана шундай машина ишлаган.

Қайд этиб ўтамиз, ушбу ғалаба муносабати билан Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Ўзбекистон пахтакорлари ва барча меҳнаткашларига ўз табригини йўллади.  

Фотосурат: ©ЎзА

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.