Осиё тараққиёт банки “Ўзбекэнерго”га ёрдам беради

Осиё тараққиёт банки “Ўзбекэнерго”га ёрдам беради

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Осиё тараққиёт банки (ОТБ) иштирокида Тахиаташ ИЭСда ҳар бирининг қуввати 230-280 МВт бўлган иккита буғ-газ қурилмасини қуриш бўйича бирламчи чора-тадбирларни тасдиқлади.

Айтиш жоизки, июль ойида ОТБ директорлар кенгаши “Тахиаташ ИЭСда ҳар бирининг қуввати 230-280 МВт бўлган иккита буғ-газ қурилмаси қурилиши” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун мамлакатимизга 300,0 млн доллар миқдорида қарз маблағини тақдим этиш лойиҳасини маъқуллаган эди.  қарз маблағини узиш муддати 25 йил, шу жумладан унинг 5 йили имтиёзли давр қилиб белгиланган.

«Ўзбекэнерго» ДАК мазкур банк тақдим этадиган қарз маблағларининг мақсадли ва самарали фойдаланиши, лойиҳани амалга ошириш ва ОТБ қарз маблағини узиш билан боғлиқ сарф-харажатлар, шунингдек ўз маблағлари ҳисобидан фоизларни тўлаш, устамалар, комиссиялар ва бошқа харажатлар учун жавобгар бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазири мамлакат номидан ОТБ билан қарз битимини ҳамда ОТБнинг қарз маблағини Ўзбекистон Республикаси ва “Ўзбекэнерго” ДАК ўртасида қайта кредитлаш тўғрисидаги битимни имзолайди.

“Ўзбекэнерго” ДАК бошқарувининг раиси ОТБ билан лойиҳа келишувини имзолашга ваколатланган.

 «Ўзбекэнерго» уч ой муддат ичида ушбу инвестиция лойиҳасининг техник-иқтисодий асосланишини ишлаб чиқиши ва ваколатли экспертиза органлари билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритиши зарур, дея хабар беради “UzReport”.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.