Ўзбекистон иқтисодиёт вазирлиги: республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг ижобий ўсиш суръатлари сақлаб қолинди

Ўзбекистон иқтисодиёт вазирлиги: республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг ижобий ўсиш суръатлари сақлаб қолинди

Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлиги ва Давлат статистика қўмитаси Ўзбекистон Республикасини 2014 йилнинг тўққиз ойида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари тўғрисидаги ҳисоботни эълон қилди.

Унга кўра, иқтисодиётнинг барқарор юқори ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича қабул қилинган стратегияни давом эттириш ва бунинг учун мавжуд захира ва имкониятларни сафарбар этиш доирасида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 8,4 фоиз, истеъмол товарлари 11,3, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 6,8, чакана савдо айланмаси 14,2, пуллик хизмат кўрсатиш 11,1 ва жами хизматлар ҳажми 14,7 фоизга ошган.

“Шу йилнинг тўққиз ойида 141 корхонада молиявий соғломлаштириш тадбирларини амалга ошириш учун «Йўл хариталари» доирасида қиймати 558 миллиард сўм миқдоридаги инвестициялар, жумладан, банкларнинг 360,6 миллиард сўмлик кредитлари жалб қилинди. Бунинг натижасида 119 корхона зарар кўришдан чиқарилди ва улар 139,2 миллиард сўм даромад олди, 2300 дан зиёд янги иш ўрни ташкил этилди ва қайта тикланди. Қайта ташкил этилаётган корхоналарда жами қиймати 4,5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди ва хизматлар кўрсатилди, шунингдек, қиймати 192,6 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди.

Зарар кўриб ишлаётган ва иқтисодий ночор корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватларини оптималлаштириш ҳамда улардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида майдони 539,5 минг квадрат метрдан иборат бўш турган 330 объект ва 216 гектардан зиёд фойдаланилмаётган ер участкаларини янги мулкдорларга сотиш ишлари бошланди. Йирик саноат корхоналарида ишлаб чиқарилаётган маҳсулот таннархи ўртача 9,2 фоизга камайтирилди, саноатда иш унумдорлиги 6,6 фоизга оширилди.

Ҳисобот даврида машинасозлик ва металлни қайта ишлаш (2013 йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш суръати 114,2 фоиз), қурилиш материаллари саноати (113 фоиз), енгил саноат (115,9 фоиз, жумладан, трикотаж – 118 фоиз, тикувчилик – 126,1 фоиз, пахтани қайта ишлаш – 125,4 фоиз), фармацевтика (113,9 фоиз), қора металлургия (113,4 фоиз), озиқ-овқат саноати (109,7 фоиз) каби саноат тармоқларида жадал ривожланиш таъминланди. Саноат ишлаб чиқариш умумий таркибида ушбу тармоқлар улуши ўтган йилнинг 9 ойидаги 54,5 фоиздан ҳисобот даври якунларига кўра 59 фоизгача ўсди. 

Истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни кенгайтиришни рағбатлантириш мақсадида жорий йил бошидан буён технологик ускуналар харид қилиш ва айланма капитални тўлдириш учун ишлаб чиқарувчи корхоналарга банклар томонидан 2,6 триллион сўм (2013 йилнинг шу даврига нисбатан 124,7 фоиз), жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга 1,2 триллион сўм (122,2 фоиз) ва ноозиқ-овқат товарлари ишлаб чиқаришга 1,4 триллион сўм (127 фоиз) ҳажмида кредитлар ажратилди. Натижада шу йилнинг тўққиз ойида истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми 11,3 фоиз, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари 7,9 фоиз ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 13,6 фоиз ошди. 

2014-2016 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурини амалга ошириш доирасида жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида 443 лойиҳа бўйича қиймати ўртача 2 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Импорт ўрнини босиш бўйича ҳисоблаб чиқилган самара 870 миллион доллардан ошди. Маҳаллийлаштирилган 525 турдаги янги маҳсулот, хусусан, электр духовка, газ ва электр плиталар, кондиционерлар, электр двигатель ва насослар, розеткалар учун штепсел, пайвандлаш симлари, автомашиналар учун антифриз, спорт майдонлари учун сунъий қоплама, резина асосли ковролан, янги турдаги болалар ўйинчоқлари, спорт анжомлари ва бошқа тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди”, деб ёзади ЎзА.  

Фотосурат: ©UzReport.uz

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.